Президент маслаҳатчиси Абикеев байроқни ўзгартириш ташаббусини қўллаб-қувватлашини айтди

299

29 сентябрда президент Садир Жапаровнинг маслаҳатчиси Чолпонбек Абикеев фейсбук саҳифасига давлат байроғини ўзгартириш таклифини қўллашини ёзди.

У 90 йиллари бир хорижий делегация байроқдаги қуёшнинг нурини кунгабоқарга ўхшатганини эслатиб, уни ҳақиқий қуёш нурига ўхшатиш тўғри деб ҳисоблайди.

«Ҳақиқатдан ҳам биз 30 йил бошқаларга кунгабоқар бўлиб келдик, деб ўзингизлар ҳам айтиб қоласизлар. Энди давлатимиз ривожланиш йўлига тушди. Дунё бўйича давлат байроғини биргина элементини эмас, умуман таниладиган қилиб ўзгартирган давлатлар кўп», — деди у.

Абикеев «байроқнинг нуқсонларини кўриб чиқиб, уни алмаштиришдан фожеа ясашнинг кераги йўқ» деб қўшимча қилди.

28 сентябрда Жогорку Кенеш раиси Нурланбек Шакиев билан депутат Улан Примов давлат байроғидаги нурнинг шаклини ўзгартириш бўйича қонун лойиҳасини таклиф қилган.

Улар бугунги кунда «туйнук билан қуёш нурининг кўринишида диллема пайдо бўлаётганини» айтиб, «турли таҳлиллар бор, тасвири кунгабоқарнинг гулига ёки бўз уйнинг ташқи юзига ўхшаш каби» деб таъкидлашган.

Бу ташаббус жамоатчиликда қизғин муҳокама қилинмоқда. Қирғизистонликларнинг кўпчилиги «ўлкада ҳал бўлмаган бундан бошқа муаммолар борлигини» айтишса, айримлари байроққа ўзгартириш киритиш керак деган фикрда.