Конституциявий суд қарорларини қайта кўриб чиқишга йўл очувчи қонун лойиҳаси муҳокамасиз қабул қилинди

317

Жогорку Кенешнинг 28 сентябрдаги йиғинида депутатлар Конституциявий судга ўз қарорларини қайта кўриб чиқишга рухсат бериш таклиф қилинган президентнинг қонун лойиҳасини зудлик билан иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилишди.

Қонун лойиҳасининг ўзи парламентнинг бугунги кун тартибида йўқ бўлган. Аммо президентнинг ва Вазирлар Маҳкамасининг Жогорку Кенешдаги вакили Алмасбек Абитов депутатлардан қонун лойиҳасини навбатдан ташқари кўриб чиқишни сўради.

Овоз бериш олдидан парламентнинг Конституциявий қонунлар бўйича қўмитасининг бошчиси Чолпон Султанбекова қонун лойиҳасига таклиф қилинган тузатишлар инкор қилиниб, у дастлабки турда қабул қилинишини билдирди. Қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилишни «Ата-Журт Кыргызстан», «Ишеним» ва «Ынтымак» парламент фракциялари билан «Мекенчил» ва «Элдик» депутатлар гуруҳи сўрамоқда.

«Бу давлатимиз учун керакли қонун. Биз ўз урфимиз билан яшашимиз керак, бизга ҳеч қандай матчествони кераги йўқ. Муҳокама қилиб ўтирмай зудлик билан иккинчи ва учинчи ўқишга беринглар», — деб мурожаат қилди спикерга депутат Надира Нарматова овоз беришгача.

Натижада қонун лойиҳаси муҳокамасиз қабул қилинди. Иккинчи ўқишда унга 64 «маъқул», икки депутат «қарши» овоз берди. Учинчи ўқишда ҳужжатни 63 депутат қўллаб, беш депутат қарши бўлди.

Президентнинг қонун лойиҳаси

Президент администрацияси 17 июлда «Конституциявий суд ҳақидаги» конституциявий қонунга ўзгартиришларни киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини эълон қилган. Шунингдек, Конституциявий судга ўзининг қарорларини қайта кўриб чиқишга ва бекор қилишга рухсат бериш таклиф қилинган.

Қонун лойиҳасида қарор қандай вақтда қаралиши мумкин бўлган ҳолатлар ёзилган. Масалан, агар қарор қабул қилишга асос бўлган Конституциянинг меъёри ўзгарса, қарор чиқариш вақтида Конституциявий судга номаълум бўлган, мурожаат предмети учун янги жиддий ҳолатлар очилса ва қарор «Қирғизистон халқининг маънавий ва ахлоқий қадриятларига, жамиятнинг онгига қарши келса» қайта қаралиши мумкин.

Бироқ «Медиа Полиси Институти»нинг юристлари қонун лойиҳасига изоҳ бериб, президент администрацияси Конституциявий суднинг ишига «бевосита ва очиқ» аралашишга ҳаракат қилишаётганини билдиришган. Улар президентнинг Конституциявий суднинг ишига аралашиши жисмоний шахснинг автократиясига олиб келишини таъкидлаб, ташаббусчиларни қонун лойиҳасини қайтариб олишга чақирган.

Амалдаги қонунга кўра, Конституциявий суднинг қарори охирги бўлиб ҳисобланади ва шикоятга ўрин йўқ.

Конституциявий суднинг охирги қарорларидан бири матчествога боғлиқ бўлган. Унга кўра, қирғизистонликлар 18 ёшга бўлганда матчество олишлари мумкин. Бироқ бу қарор жамоатчиликда қизғин муҳокама қилиниб, айниқса МХДҚ раиси Камчибек Ташиев бунга қарши чиқиб, «қарорни ким қабул қилган бўлса, ўша бекор қилсин» деб билдирган.

Адлия вазирининг ўринбосари Орозбек Сидиков 6 сентябрда парламент муҳокамасида қонун лойиҳаси «кўпроқ» Конституциявий суднинг матчество бўйича қарори сабаб таклиф қилинганини билдирган.