Жапаров ва Рахмон Нью-Йоркда учрашув ўтказишди

202

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Тожикистон давлат раҳбари Эмомали Рахмон 19 сентябрда Нью-Йорк шаҳрида БМТнинг Бош ассамблеяси 78-сессиясининг доирасида учрашув ўтказди.

Жапаровнинг матбуот хизмати билдиришича, давлат раҳбарлари қирғиз-тожик икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг йўналишларини ва келажагини муҳокама қилишди.

«Садир Жапаров ва Эмомали Рахмон қирғиз-тожик давлат чегарасини делимитация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, бошқа мавзулар бўйича ҳам фикр алмашди», — деб айтилади маълумотда.

Рахмоннинг матбуот хизмати маълумотида эса, давлат раҳбарлари «Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳоқама қилишгани», шу билан бир қатор «БМТ Бош ассамблеяси 78-сессиясининг умумий дебатларига қўйилган кун тартибининг мавзулари бўйича фикр алмашгани» таъкидланади.

Жапаров ва Рахмон сўнгги ҳафтада қирғиз-тожик чегарасидаги делимитация ҳамда демаркация қилиш масаласини икки марта учрашиб муҳокама қилишмоқда. Сўнгги марта президентлар 14 сентябрда Душанбеда  учрашишган эди.

Мазкур учрашувдан сўнг МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиев Тожикистон ҳукумати шу кунгача Қирғизистонга чегара бўйича ҳудудий даъво қўйиб келишини билдирган. У бу ҳолат музокараларга тўсиқлик қилаётганини, агар Душанбе даъвосидан воз кечмаса, Қирғизистон яна топилган тарихий ҳужжатлар асосида қўшни давлатга ҳудудий даъво қўйишини қўшимча қилган.

Ташиевнинг бу баёноти шов-шув яратиб, эртаси куни Қирғизистоннинг Тожикистондаги элчиси Эрлан Абдилдаев Тожикистон ТИВга чақирилган. Ведомствонинг билдирувида «шу каби изоҳлар тожик-қирғиз чегарасининг делимитация ва демаркация қилиш бўйича музокаралар жараёнига, шунингдек ўзаро ишонч муносабатларга зиён келтириши мумкин» деб айтилган.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида чегара чизиқлари аниқланмаганлиги учун Боткен ҳамда Ўш вилоятларининг чегарага яқин ҳудудларида вақти-вақти билан жанжаллар чиқиб туради.

2021 ва 2022 йили қирғиз-тожик чегарасида чиққан катта жанжалдан бери Бишкек ҳамда Душанбе муносабатлари сустлигича қолмоқда. Икки давлатнинг чегараси 2021 йилнинг апрелидан буён ёпилган.

Чегарадаги сўнгги йирик жанжал роппа-роса бир йил олдин бўлган. 2022 йилнинг 14-17 сентябрида бўлган қуролли тўқнашув давлат чегарасининг барча периметрида бўлган. Натижада 63 нафар қирғизистонлик вафот этиб, яна 206 киши ярадор бўлган.

Тожикистон ҳукумати эса жанжалда 41 киши вафот этиб, 20дан ортиқ киши жабрланганини таъкидлаган. Аммо  «Озоди Радиоси» ўз манбааларига таяниб, 83 киши вафот этганини ёзган.