ЖК Мадумаровнинг қўлга олинишини қонунийлигини текшириш бўйича комиссия туза олмади

204

Жогорку Кенешнинг 20 сентябрдаги йиғилишида депутатлар, «Бутун Киргизстан» мухолифат фракциясининг лидери Адахан Мадумаровнинг қўлга олиниши қонунийлигини текшириш бўйича комиссия туза олишмади.

Йиғилишда Мадумаровнинг партиядоши Гуля Кожокулова сўзга чиқиб, кўп ҳолларда, депутатлар қамалганда, комиссиялар тузиб келинишини таъкидлаб, ҳамкасбларини бу масалани қўллаб-қувватлашга чақирди.

Дастлаб комиссия таркибига 6 киши кирган: Жанар Акаев («Альянс» фракцияси), Султанбай Айжигитов («Ийман Нуру»), Шараптакан Мажитова («Интимак»), Жалолидин Нурбаев («Элдик»), Айсара Абдибаева («Ишеним») ва Гуля Кожокулова («Бутун Киргизстан»).

Бироқ депутатларнинг «Мекенчил» гуруҳи билан «Ата-Журт Киргизстан» фракцияси комиссия таркибига ҳеч кимни таклиф қилмади.

Вице-спикер Нурбек Сидигалиев комиссияни тузиш учун етти киши кераклигини айтиб, бошқа масалани кўриб чиқишни таклиф қилди.

Шу орада бир мандатли округдан сайланиб келган депутат Дастан Бекешев комиссия таркибига ўз номзодини кўрсатиб, комиссия тузиш масаласи овозга қўйилди. Лекин таклифни 40 нафаргина депутат қўллаб, 11 нафар халқ вакили қарши чиқди.

Сидигалиев масала овоздан ўтмаганини, комиссия тузиш учун 46та овоз тўплаш кераклигини билдирди.

Мадумаровнинг қўлга олиниши

«Бутун Киргизстан» фракция лидери Адахан Мадумаров 2 сентябрда ИИВ томонидан қўлга олинган. Унга 2009 йили қирғиз-тожик чегараси бўйича протоколга қўл қўйгани учун «Ватанга хиёнат» моддаси билан айб қўйилган. Суд сиёсатчини 24 октябргача МХДҚнинг ТИЗОсига қамоққа олган.

Сиёсатчининг иши Мадумаров 2009 йили Хавфсизлик кенгаши котиби бўлиб турган вақтда имзолаган қирғиз-тожик чегарасидаги Тўрт-Кўча участкаси бўйича протоколга боғлиқ. Ўша йили Мадумаров Ўш — Боткен — Исфана йўлининг ва кўприк қуриш учун Тожикистондан 5 гектар ерни ижарага олиш тўғрисида протоколни имзолаган.

Мадумаров ўзи мазкур ҳужжатнинг юридик кучи йўқлигини айтган, президент Садир Жапаров эса протокол кучга эга бўлганлигидан Тожикистон Тўрт-Кўчани талашмоқда деб билдирган.

2023 йилнинг июнида Жогорку Кенеш бош прокурорнинг таклифи билан Адахан Мадумаровни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат берган. Унда Мадумаровга 2009 йили қирғиз-тожик чегараси бўйича протоколни имзолагани учун («Ваколатларидан ортиқча фойдаланиш» моддаси бўйича), Кампиробод иши бўйича («Ҳукуматни куч билан босиб олиш» ва «Оммавий тартибсизликлар» моддалари) бўйича айбланган.

Қўлга олингунга қадар, Мадумаров, амалдаги ҳукуматни Конституция ва фуқароларнинг ҳуқуқларини бузаётгани учун танқид қилиб келган.

Бош саҳифадаги сурат: Токтосун Шамбетов / «Азаттиқ».