Юрак жарроҳлиги ва органларни трансплантациялаш институтининг директори Самидин Шабиралиев Соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев уни «сабабсиз ишдан бўшатганини» айтди.
17 сентябрда у фейсбук орқали президент Садир Жапаровга мурожаат қилиб, ишлашга рухсат беришни сўради. Шабиралиев ишдан кетиш ҳақидаги аризани Бейшеналиев вазир бўлиб тайинланган куннинг эртасига куч билан ёздиришганини таъкидлади.
«Бу отам берган иш эмас, тайинланиб келганман. Тўрт ойда бир қанча иш қилдим. 40 йил таъмирланмаган операция, жонлантириш бўлимларини таъмирладим. Энг оғир нарсаси ҳозир 200га яқин ёш бола операция қилинмоқда. Агар мен кетсам, уларнинг бари кетади. Шунга сиздан илтимос қиламан, менга яна рухсат беринг. Шу ишларни битирайин, кейин бўаштсангиз майли», — деди у.
Институт етакчисининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Нурболот Бекболот ўғли касалхонанинг жамоаси Шабиралиевни ишдан кетишига қарши эканини билдирди.
«Ҳозир адолатсизлик бўлмоқда. Бу лавозимга олиб келадиган одамини ҳам биламиз, унга бизнинг жамоа қарши. [...] Лавозимга ёпишиб олган жойимиз ҳам йўқ. Сабаби дастуримиз бор, тўрт ойда таъмирлаш ишлари билан чекланмай, яна қиладиган ишларимиз бор эди. Ривожланиш йўлига тушиш учун доим бир етакчи ўтириши керак деб ҳисоблаймиз», — деди у.
Ҳозирча Соғлиқни сақлаш вазирлиги Шабиралиевнинг ишдан кетиши бўйича изоҳ бермади. Вазирликнинг матбуот хизмати аниқлаб беришни ваъда қилди.
Алимкадир Бейшеналиев Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига 13 сентябрда қайтди. У журналистларга олдин бошлаган ислоҳотларни давом эттиришини айтган.
Бейшеналиев бунгача вазир бўлганда Чуй вилоят касалхонасидаги Қайта тиклаш жарроҳлик илмий институтининг етакчиси Эрнст Акрамовни, Травматология ва ортопедия илмий марказининг директори Сабирбек Жумабековни ишдан бўшатиб, Алмазбек Исманкуловнинг «Кўз микрохирургияси» клиникасини «бузиб кетаман» деб қўрқитган.
Кейин у «коррупция»да гумонланиб қўлга олиниб, унга нисбатан бир неча жиноий иш қўзғалиб, ишдан бўшатилган. Аммо Бейшеналиев оқланиб, Чолпонота шаҳридаги «Олтин болалик» соғломлаштириш марказига директор этиб тайинланган.