Ақси: АҚШда меҳнат қилган мигрант қишлоғидаги мактабга 100 ноутбук совға қилди

319

АҚШда меҳнат қилган қирғизистонлик мигрант Абдиманав Базарбаев Жалолобод вилоятининг Ақси туманидаги ўзи ўқиган №11 Темиркул Мавлянов номидаги мактабга 100 ноутбукни совға қилди. Бу ҳақда 14 сентябрда «Азаттиқ» нашри билдирди.

Базарбаевнинг айтишича, ноутбуклар битирувчи синф ўқувчиларига берилган, улар уни уйига олиб кетиб фойдалана олади. Ўқув йилининг охирида ноутбуклар кейинги синфга ўтказиб берилади. 

«Биздан кейинги ўқувчилар, кейинги авлод биз кўрган қийинчиликни кўрмасин дедим. Мактабда чет тилларини, компьютер саводхонлигини ошириб чиқса деган фикр билан ёрдам қилдим. “Сенга берилади”, “сенга берилмайди” деб танлаб олган тўғри бўлмасди. Бизнинг мактабда юз ўқувчи бор экан. Уларнинг барини компьютер билан таъминлашга ҳаракат қилдим. [...] Агар улар Америка, Европада ўқишга ўтса яна ёрдам берамиз», — деб билдирди мигрант.

Базарбаев ўқувчиларга онлайн курс ҳам сотиб бериб, уч ўқитувчи билан шартнома тузган. Улар IT тармоғидан, инглиз ва рус тилларидан билим беришади. У мазкур ғояни амалга оширишга умумий 2 млн сом сарфлаган.  

Икки йилдан бери АҚШда яшаб, бизнес билан шуғулланган Базарбаев аввал Москвада тиш шифокори бўлиб ишлаган. Унинг Ақси туманидаги барча мактабга ёрдам бериш нияти бор.