Ташиев қирғиз-тожик чегараси бўйича янги ҳужжатлар топилганини билдирди

245

МХДҚ раиси Камчибек Ташиев қирғиз-тожик чегараси бўйича янги ҳужжатлар топилганини билдирди. Бу ҳақда у 15-сентябрда Баткенда журналистларнинг саволларига жавоб бераётиб айтди. 

Махсус хизматнинг бошчиси «шу юридик тарихий ҳужжатнинг асосида чегарани аниқласа бўлади» деб таъкидлади. 

«Тожикистон бизнинг давлатимизга чегара бўйича ҳудудий даъво қўйиб келган. Биз “бундай ҳеч қандай даъво бўлмаслиги керак” деб жавоб бериб келдик. Агар қўшнилар даъвосидан бош тортмаса, территория даъвосини юридик томондан биз қўямиз. Олдин тожик томонга ўтиб кетган қирғиз ерларини қайтариб олишга кучимиз ҳам, имконимиз ҳам етади», — деди у.

Шунингдек, Ташиев қирғиз-тожик чегарасидаги энг йирик қуролли можарога роппа роса бир йил бўлганини айтиб, чегара муаммосини тинчлик йўли билан ҳал қилишга ҳаракат қилишаётганини қўшимча қилди. 

14-сентябрда давла раҳбари Садир Жапаров тожик президенти Эмомали Рахмон билан учрашган. Улар чегарани делимитация ва демаркация қилиш масаласини муҳокама қилгани айтилган. 

Қирғиз-тожик чегарасининг узунлиги 972 чақримни ташкил қилади. Ундан 604 чақирими аниқланган. Аниқланмаган ерлар сабаб Тожикистонга чегарадош ҳудудларда — Баткен, Ўш вилоятларида тез-тез жанжал чиқади. 

2021 ва 2022 йили қирғиз-тожик чегарасида чиққан катта жанжалдан бери Бишкек билан Душанбенинг муносабатлари совуқ бўйича қолмоқда. Икки давлатнинг чегараси 2021 йилнинг апрелидан бери ёпиқ турибди. 

Ўтган йили бўлган қуролли можарода 63 қирғизистонлик ҳалок бўлиб, 206 киши жароҳатланган. Тожик ҳукумати эса жанжалда 41 одам ўлиб, 20дан ортиқ киши жабрланганини таъкидлаган. Аммо «Озоди Радиоси» («Озодлик»нинг тожик хизмати) ўз манбаларига таяниб 83 одам ҳалок бўлганини ёзган.