12 сентябрда Олий суд суриштирувчи журналист Болот Темиров бўйича аввалги инстанцияларнинг ҳукмини нисбатан берилган кассация шикоятини қаноатлантиришдан бош тортди. Бишкек шаҳар судининг журналистни давлатдан чиқариш бўйича қарори кучида қолди.
Темировнинг адвокати Бакит Автандилнинг айтишича, суд ҳимоячи томонга судьяни алмаштириш бўйича илтимоси келтиришга рухсат бермади. Адвокат судья «Темировни ёки унинг журналистик фаолиятини ёқтирмайди» деб ҳисоблайди.
Бироқ судья мажлис бошланиши билан қарор чиқариш учун маслаҳат хонасига кириб кетди.
«Олий суд бугун қанчалик эрки йўқлигини кўрсатди. Адвокатлар Темировнинг иши бўйича қонунбузарликлар бор деб, унинг ҳаммасини кўрсатиб беришларига қарамай, Олий суд туман ва шаҳар судининг қарорларини кучида қолдирди», — деб билдирди Автандил «Клооп»га.
Адвокат ҳимоя қилинаётган томон суд қарорини тан олмаслигини ва уни ноқонуний деб ҳисоблашини билдирди.
«Биз сўзсиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига мурожаат қиламиз, кейин унинг қарори асосида Олий судга мурожаат қилиб, Темировнинг ишини қайта кўтарамиз», — деди у.
2022 йилнинг 28 сентябрида Бишкекнинг Свердлов туман суди журналистни икки эпизод бўйича оқлаган — гиёҳванд моддаларни ноқонуний сақлаш ва давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш (283-модданинг 1-банди ва 378-модданинг 1-банди). Шунингдек, ҳужжатларни қалбакилаштириш бўйича (379-моддасининг 2-банди) бўйича айбдор деб топган, бироқ ишнинг муддати ўтгани сабаб жазоланмаган.
2022 йилнинг 23 ноябрида Бишкек шаҳар суди прокуратуранинг туман судининг қарорига аппеляциясини кўриб, Темировни Қирғизистондан чиқаришга қарор қилган. Суд қарори эшиттирилиши билан журналист зудлик билан суд залидан куч билан чиқарилиб, аэропортга юборилган, у ердан Темиров ИИВ ходимларининг назоратида Москвага депортацияланган.
Парламент депутатлари, мустақил юристлар, медиажамоатчилик ва халқаро ташкилотлар журналист давлатдан куч билан чиқарилганини айблаб, суд қарорини бекор қилишни талаб қилишган. Уларнинг бари журналистни фуқароликдан маҳрум қилиш билан давлатдан четга чиқаришни — Темировнинг конституциявий ҳуқуқини бузиш ва «меъёрдан ошган таъқиб» деб ҳисоблашади.
«Адилет» ҳуқуқ клиникасининг юристлари Бишкек шаҳар суди журналистни давлатдан чиқариш қарори билан Конституцияни бузганини билдиришган.
2022 йилнинг декабрида ички ишлар вазирининг ўринбосари Нурбек Абдиев парламент йиғинида Болот Темировга Қирғизистонга киришга беш йилга тақиқ қўйилганини айтган.