МХДҚ: Жээнбековнинг «МХДҚ тарафидан қийноқ, тазйиқлар уюштирилди» деган баёноти ёлғон

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси «Кампиробод иши» бўйича айбланаётган сиёсатчи Равшан Жээнбековнинг «МХДҚ томонидан қийноқ таъқиблар уюштирилди» деган билдирувини инкор қилди.

Махсус хизмат 9-сентябрда бу бўйича махсус маълумот бериб, Жээнбековнинг сўзларини «ёлғон» деди.

«Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Қирғизистонда келишмовчилик ва тартибсизликка ундаган бундай ёлғон, провокацион маълумотларни тарқатганлар учун тегишли чора белгилангани бўйича яна огоҳлантиришга мажбур бўлишмоқда», — дейилади билдирувда.

Шунингдек, МХДҚдан Жээнбековга нисбатан қўзғалган жиноий ишни ИИВ тергов қилаётганини ва сиёсатчи Жазони ижро этиш хизматининг №1 тергов қамоғида эканини қўшимча қилди.

Жээнбековнинг билдируви ва МХДҚнинг аризаси

Жээнбековнинг «қамоқда қийноққа олинаётгани» ҳақидаги билдируви 1 сентябрда фейсбук саҳифасида берилган. Унда сиёсатчи бунга МХДҚнинг алоқаси борлигини айтиб, халқаро ташкилотларга, Қийноқларни олдини олиш марказига ва Ҳақиқатчи институтига мурожаат қилган.

У «зах, муздак камерада ётишга соғлиғи тўғри келмаслигига қарамай, муздак, шароити йўқ камерага ўтказишаётганини» айтган.

Кейин Жээнбековнинг фейсбук саҳифасига яна бир мурожаат жойланиб унда «Кампиробод иши» бўйича қамоқда ётган тўрт кишига «қийноқ давом этаётгани» айтилган.

Жазони ижро этиш хизмати эса «Клооп»га бу маълумотни рад этган. Муассасанинг матбуот котиби Изаат Тургунбаева «қийноқ — жиноят» эканини айтиб, «қамоқда бундай нарса йўқ» деб билдирган.

Кейин МХДҚ Жээнбековнинг билдируви бўйича «Клооп» ёзган мақолани ўчириш талаби билан Маданият вазирлигига ариза берган. Унда «ёлғон маълумот борлиги, агар мақола ўчирилмаса, сайт блокланиши» айтилган. «Клооп»нинг юристлари бу бўйича Маданият вазирлигига маъмурий даъво аризасини юборган.

Кампиробод иши

Равшан Жээнбеков 2022 йилнинг октябрида Кампиробод сув омборининг ерини Ўзбекистонга беришга қарши чиққан 30га яқин фаол, сиёсатчи билан бирга қамалган. Уларга «Оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўрган» деган айб қўйилган.

Уларнинг кўпи асоссиз қамалганини айтиб, очлик эълон қилиб, ноябрда бошланган акция декабрнинг охиригача давом этган. Айримлари суд мажлисларида ҳушини йўқотса, бошқалари аҳволи оғирлашиб кетгани учун касалхонага ётқизилган.

Қўлга олинганларнинг бари Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтишини очиқ танқид қилишган, улар шу очиқ айтган сўзлари ўзларини қамоққа олишга асос бўлган дейишади.

Фаол, сиёсатчиларни қўлга олинишини бир қанча депутатлар айблаб, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Қирғизистон ҳукуматидан қўлга олинганларнинг барчасини озод қилишга чақирган.