Жогорку Кенеш спикери Нурланбек Шакиев парламентнинг 7 сентябрдаги йиғинида яқинда АҚШ ҳукумати қирғизистонликларга виза бериш процедурасини енгиллаштиришини билдирди.
«Америка қўшма штатларининг элчилиги билан уларнинг ҳукумати музокараларни олиб бормоқда. Яқин ойларда натижаси чиқади, бизнинг ватандошларга, қирғиз фуқароларига виза беришни енгиллаштириш, шу билан бирга муддатини 5-10 йилгача узайтириш ҳақида сўз бўлмоқда. Буюрса, яхши томонга ҳал бўлади», — деди у.
Бу ҳақда Шакиев депутат Суйунбек Омурзаковнинг саволига жавоб бераётиб билдирди. Омурзаков америкадаги олийгоҳларга топширган талабаларга виза барча ўқув йилига эмас, бир йилга бериляпти деган масалани кўтарган. Депутат талабалар визасини узайтириш учун ҳар йили ватанига келишга мажбур бўлиб, овора бўлишаётганини таъкидлади.
2022 йилнинг сентябрида Қирғизистоннинг АҚШ ва Канадаги элчиси Бакит Аманбаев АҚШ давлат котибининг Жанубий Осиё ва Марказий Осиё давлатлари бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Брайан Стиммлер билан учрашувда қирғиз фуқаролари учун виза беришни енгиллаштиришни ва сайёҳлик визаларини муддатини 5 йилдан 10 йилгача кўпайтиришни сўраган. Унда Аманбаев АҚШнинг Қирғизистондаги элчилигида Американинг визасини олиш учун ҳужжат топширгани келганларнинг навбати кўпайиб кетганини айтган.
Кейинчалик АҚШнинг Қирғизистондаги элчилиги виза олиш навбатини кутиш вақтини камайтириш учун имкониятлар ишга солинаётганини билдирган.