4 сентябрда «Бүтүн Кыргызстан» партиясининг сиёсий кенгаши Жогорку Кенеш депутати, партия лидери Адахан Мадумаровнинг қамалиши бўйича мурожаат қилди.
Қирғиз халқига, Конституциянинг кафолати сифатида президентга ва парламентга йўлланган мурожаатда «Бүтүн Кыргызстан» партияси оғир кунларни бошдан кечиргани айтилган.
Сўнгги уч йилдан бери партия аъзолари таҳдидга, руҳий босимга, жиноий таъқибга учраётгани, 2 сентябрда эса партия лидери «қўпол қонунбузарлик билан» қўлга олингани таъкидланган.
«Адахан Мадумаров Хавфсизлик кенгаши котиби бўлган вақтда ўзбилармонлик билан қарор чиқаришга ҳуқуқи ҳам, имкони ҳам йўқ бўлган, фақатгина ўша вақтдаги президент Курманбек Бакиевнинг топшириғини бажарган. Протокол Қирғизистон парламентида ҳам кўриб чиқилмаган. Демак, унинг кучи йўқ ва бу Қирғизистоннинг тожик томон билан музокараларига сабаб бўлмаслиги керак», — деб таъкидланган билдирувда.
Шунингдек, Мадумаров ишчи протоколга қўл қўйгандан бери 14 йил ўтгани, сиёсатчининг рақиблари Тожикистон билан жанжал чиққанда унинг жавобгарлиги ҳақидаги масалани вақти-вақти билан кўтаришаётгани айтилган.
«Мадумаров бу масала бўйича ўзининг позициясини бир неча марта тушунтирган. Биринчидан, ерни ижарага бериш у тожик томонга ўтди деган маънони англатмайди. Иккинчидан, Қирғизистон учун стретегик аҳамиятга эга Боткен — Исфана йўлини қуриш масаласи мана шундай ҳал қилинган», — дейилган мурожаатда.
Партиянинг сиёсий кенгаши протокол Мадумаровни ва «Бүтүн Кыргызстан» партиясини «йўқ қилиш» учун баҳона бўлганини таъкидлайди.
Мадумаров 2 март куни вояга етмаган боласи билан сайр қилиб юрганда ИИВ томонидан қўлга олиниб, ўша куни 24 октябргача қамоққа олинган. Унга 2009 йили қирғиз-тожик чегараси бўйича протоколни имзолагани учун «Давлатга хиёнат» моддаси билан айбланди. Мадумаров буни «эртак» деб атамоқда.
Мадумаров ва уни жавобгарликка тортиш ҳаракати
Бунгача бош прокурор Курманкул Зулушев Мадумаровни жавобгариликка тортишга розилик беришни сўраб, бир неча марта парламентга мурожаат қилган. Биринчисида депутатлар қарши бўлган.
Иккинчи марта халқ вакиллари махсус комиссия тузиб, Мадумаровни прокуратура таклиф қилган тўрт моддадан бири — «Ваколатларидан ортиқча фойдаланиш» бўйича жавобгарликка тортишга рухсат берган.
Шунингдек, Мадумаровнинг депутатлик мандати сақланиб, у халқ вакили вазифасини бажариши айтилган. Халқ вакили уни жавобгарликка тортиш ҳаракатини «сиёсий иш» деб атаган.
Адахан Мадумаров — Жогорку Кенешдаги мухолифатчи «Бүтүн Кыргызстан» фракциясининг лидери. Халқ вакили амалдаги ҳукуматни инсон ҳуқуқларини бузиб, Конституцияга амал қилмаяпти деб бир неча марта танқид қилган.
МХДҚ бошчиси Камчибек Ташиев Мадумаровни бир неча марта трибунадан қўрқитса, президент Садир Жапаров Мадумаров «ўзидан бошқани президент билмаган касаллиги билан оғрийди» деб билдирган.