9 июнда Бишкекдаги ботаника боғида 16 ёшли мактаб ўқувчиси пичоқланиб вафот этган, 13 июнда уни дўстининг жасади ўзи яшаган уйда топилган.
Марҳумларнинг яқинлари 4 сентябрда бу воқеани уюштирган одам «Октябрь туман ИИБ ходимларининг ўғли эканини» ва терговга «тўсқинликлар бўлаётганини» айтишган.
Октбярь туман ИИБдан «Клооп»га ишни Бишкек шаҳар ИИБи ўз назоратига олганини билдиришди. Ходимига нисбатан айблов бўйича жавоб беришдан бош тортишди.
Нима бўлди?
9 июнда Бишкек шаҳрида жойлашган Гареев номидаги ботаника боғининг ҳудудида ўрта мактабнинг ўқувчилари муштлашиб, 16 ёшли Атай Ниязбеков пичоқдан олган жароҳати сабаб касалхонада вафот этган.
Мазкур факт бўйича Октябрь туман ИИБи «Қасддан тан жароҳати етказиш» моддаси билан жиноят иши қўзғаган.
Воқеа бўлган куни гумондор қатори 16 ёшли ўсмир қўлга олиниб, Чуй вилоятининг Вознесеновка қишлоғидаги №14 ахлоқ тузатиш қамоғига киритилган. Тергов давомида «Қотиллик» моддасига квалификацияланган.
13 июнь куни милицияга пойтахтдаги хусусий уйларнинг бирида 16 ёшли Эрнур Акжолов осилган ҳолда топилгани ҳақида маълумот тушган. Бу марҳум Ниязбековнинг дўсти экани маълум бўлган.
Текширув вақтида марҳумнинг танасида жароҳат излари аниқланган эмас. Бу факт Октябрь туман ИИБга рўйхатга олиниб, терговга қадар текширув ишлари бошланган. Ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланиб, тергов амаллари олиб борилган.
13 июлда терговчи томонидан жиноят ишини қўзғашдан бош тортиш бўйича қарор чиқарилган.
«Ўлдиришга буйруқ берганлар топилмади»
Марҳум Атай Ниязбековнинг отаси Ниязбек Ажигулов Октябрь туман ИИБнинг ходимлари ўғлининг ўлим сабабларини ҳамон тўлиқ аниқламаганини айтади.
Унинг айтишича, терговчилар гумондор қатори қўлга олинган турғуннинг суд-тиббий экспертизасини «аффект ҳолатда бўлган» деб ўзгартириб, жазони енгиллаштиришга ҳаракат қилмоқда.
«Терговчи жиноятни уюштирганларни ва уларнинг шерикларини, аниқроғи гумондорларни “разборкага” чақирганларни, пичоқ берганларни аниқлаш учун аниқлаш учун ҳаракат қилмаган. Менга бу “разборкалар”нинг уюштирувчиси Илгиз номли Бишкек шаҳрининг Октябрь туман ИИБ ходимларининг ўғли экани маълум бўлган. [...] Ҳозирда отаси терговга ҳар томондан тўсқинлик қилиб, гувоҳларни қўрқитиб, ўғлига қарши кўрсатма бермаган гувоҳларнигина терговчига олиб келмоқда», — деди марҳумнинг отаси.
Марҳум Эрнур Акжоловнинг онаси Нуржамал Сарикова 4 сентябрда ўсмирлар олдиндан тайёргарлик кўрган гуруҳ томонидан ўлдирилганини билдирди.
Сарикованинг айтишича, марҳум ўсмирлар ва жанжални уюштирган икки бола «Сапат» халқаро билим бериш муассасасида билим олишган. Жанжалга қатнашганлар Бишкек шаҳридаги №9 мактаб-гимназия ўқув комплексининг ўқувчилари бўлган. Уларнинг ўртасидаги можаро нимадан чиққани ҳозирча аниқланмаган.
«Пичоқ кўтарган ўн беш бола билан менинг ўғлим — Эрнурни ўлдиргани [ботаника боғига] “шунчаки бир нарса сўраймиз” деб алдаб чақиришган. Болам икки бола экан деб ўйлаб, “мендан сизларга нима керак?” деб сўраш учун борса ўн беш бола бўлган. Кейин қўрқиб кетиб [марҳум Ниязбеков] Атайни чақирган. Болам “ҳеч нима бўлмагандай кетиб қолайлик, мен уларни танимайман” деб ёнидаги синфдоши билан қочишга ҳаракат қилганда, улар ортидан ҳуштак чалиб чақириб, бошига, бурнига тепиб синдириб, бўғишган», — деб билдирди Сарикова.
Жабрланувчилар ишни назоратга олишни сўраб, давлат раҳбари Садир Жапаровга, МХДҚ раиси Камчибек Ташиевга, Бош прокуратура, ИИВнинг ва Бишкек шаҳар ИИБ бошчиларига мурожаат қилишган.
Милиция нима дейди?
Октябрь туман милициясидан 4 сентябрда «Клооп»га вафот этган боланинг ота-онасининг сабабларини ҳисобга олиб, қўшимча комплекс тергов-тезкор ҳаракатларни олиб бориш мақсадида ишни Бишкек шаҳар ИИБи ўз назоратига олганини айтишди.
Шунингдек, жиноят иш асосида воқеани аниқлаш мақсадида тергов ишлари бораётганини таъкидлашди.
Марҳумнинг отасини «ишга туман ИИБнинг ходимлари аралашмоқда» деган айблови бўйича сўраганимизда маълумот пресс-релиз асосида берилишини айтишди.
3 августда воқеа бўйича «Сапат» халқаро ўқув марказига қарашли Бишкек ва Қораболта шаҳарларидаги умумтаълим лицейларининг директорлари ишдан бўшатилиб, 20га яқин мутахассисга чора кўрилди.