Мандат масалиси: МСК Омурбек Бакировнинг қайдини ва гувоҳномасини бекор қилди

26-августда Марказий сайлов комиссияси Жогорку Кенеш депутати Омурбек Бакировни мандатидан маҳрум қилиш ҳақидаги суднинг қарорини кўриб чиқди.

Йиғинга қатнашган МСКнинг 12 аъзоси ҳам Бакировни депутат қилиб рўйхатга олган қарорни ва унинг гувоҳномасини бекор қилиш қарорини бир овоздан қўллади.

Бакировнинг вакили Бакитбек Мажитов суд мажлисида депутатлик мандатидан маҳрум қилишга асос бўлган ҳолатлар аниқланмаганини таъкидлади.

«Қонунда депутатлик мақомидан маҳрум қилишга асос бўлган 11 модда бор. Судда бу асослар аниқланмади. Бундан 20 ой олдин ўтган сайловнинг натижасини бекор қилиш — бу халқнинг овозини, 10 788 сайловчининг танловини бекор қилишга тенг. Бу уникал суд тажрибаси бўлмоқда. биз янги очилган ҳолатлар бўйича қайта судга мурожаат қилганмиз, ҳозирча буни қабул қилиш ёки қилмаслик масаласи ҳал бўлмади», — деди Мажитов.

Бакировнинг мандат масаласи

Омурбек Бакиров. Сурат: Жогорку Кенешнинг матбуот хизмати.

Бишкекнинг маъмурий суди Ўшнинг Новқат туманидаги №4 Кўк-Жар бир мандатли округи бўйича сайлов натижасини 7 июнда бекор қилган. Мазкур округдан депутат бўлган Бакировга тегишли МСКнинг қарори ҳам ноқонуний деб топилган. Кейин бу қарорни шаҳар суди ҳам, Олий суд ҳам кучида қолдирган.

Бакиров уни депутатлик мандатини суд орқали маҳрум қилишга ҳаракат қилишаётганини айтиб, буни ноқонуний деб атаган.

«Қонунга кўра, сайлов вақтидаги баҳсли масалалар, илтимослар уч кун ичида кўриб чиқилиши керак. Улар бу нормани қўпол равишда бузишмоқда. Қирғизистон тарихида бундай воқеа бўлмаган. Сайловдан кейин бир йил ўтиб суд тортишувларни қайта кўриб чиқишга қарор қилган. Уларнинг айтишича бу "янги очилган ҳолатлар" асосида бўлмоқда, бироқ қонунда бундай тушунча йўқ. Бу парламентга бўлган босим», — деган у.

Омурбек Бакировнинг мандати бўйича тортишувлар парламент йиғинида қирғиз-ўзбек чегарасининг айрим ҳудудларини делимитация қилиш, жумладан Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтказиб бериш шартномасини муҳокама қилаётганда МХДҚнинг бошчиси Камчибек Ташиев билан бўлган оғзаки тортишувдан кейин бошланган.