Ўш: Ўз отасини пичоқлаган шахс қочишга уринган вақтда қўлга олинди

141

Ўш шаҳрининг Амир-Темир кичик шаҳарчасининг 41 ёшдаги турғуни 68 ёшдаги отасини пичоқлаб, воқеа бўлган ердан таксига тушиб қочишга уринган вақтда қўлга олинди. Бу ҳақда 16 августда шаҳар милициясидан билдиришди.

Гумондор. Сурат: Ўш шаҳар ИИБ

Терговнинг дастлабки маълумотига кўра, воқеа 14-август куни эрталабки соат 10:00 атрофида иккиси бирга яшаган уйда бўлган. Иккиси келишолмай қолиб, ўғли ошхона столининг устида турган пичоқ билан отасининг кўкрак ва қўлларига бир неча марта санчган. Жабрланувчи олган жароҳати сабаб воқеа жойда кўз юмган.

Гумондор милиция ходимлари томонидан ўзига тегишли ҳужжатларини олиб, таксига ўтириб қочиб кетишга ҳаракат қилган вақтда қўлга олинди.

Мазкур факт Ўш шаҳар ИИБнинг Оқбура милиция бўлими томонидан «Қотиллик» моддаси асосида рўйхатга олиниб, гумондор вақтинча сақлаш жойига киритилди.

Тегишли суд-тиббий экпертизалар тайинланди. Милициядан марҳум 4 боланинг отаси, маҳаллий мактабда қўриқчи бўлиб ишлаганини маълум қилишди.

Унинг жиноятда гумон қилинган 41 ёшли ўғли 2 боланинг отаси, ҳеч қаерда ишламайди. «Тергов хизматининг дастлабки маълумотига кўра, ота-боланинг ўртасидаги можаро марҳум отанинг боласига иш топиб ишлашни, ёмон одатлари ва ёмон дўстларидан воз кечишни талаб қилган сўзларни айтгандан кейин чиққан», — дейилади милициянинг маълумотида.

15-августда Иссиқкўл вилоятининг Каракол шаҳрида 67 ёшли аёлни пичоқлаб ўлдиришда гумонланган киши қўлга олинган. Милиция «Қотиллик» моддаси билан жиноий иш қўзғаб, гумондор қатори Ак-Суу туманининг 59 ёшли турғунини қўлга олган — у айбини тан олгани айтилмоқда. Ҳозирда жиноятнинг сабаблари ва ҳолатлари аниқланмоқда.