«312 кино» ва «312 ТВ» телеканалларига қирғиз тилидаги дастурлари озлиги учун жарима солинди

112

Маданият вазирлигининг ходимлари режали текширув натижасида «Теледастур ва радио эшиттиришлар ҳақидаги» қонунни бузгани учун «312 кино» ва «312 ТВ» телеканалларига жарима солди. Бу ҳақда 9 августда муассасанинг матбуот хизмати билдирди.

Вазирликнинг маълумотига кўра, телеканал бу қонуннинг 8-моддасининг 2-пункти 2-пунктчаси меъёрларини бузган.

«Бу пунктга кўра, телерадио дастурлар, телерадио кўрсатувларнинг 50 фоиздан кам бўлмаган қисми маҳаллий телерадио дастурлардан ва телерадио кўрсатувлардан иборат бўлиши керак – аниқроғи соат 7.00дан соат 10.00гача ва 18.00дан 23.00гача бўлган вақтда», — деб билдирди вазирликдан.

Натижада телеканалларнинг ҳар бирига 23 минг сомдан жарима солинди.

Бундан ташқари, режали текширув яна беш телеканалда олиб борилган: «312 Музыка», «НТС» (Жаша), «Кью спорт» (Q-Sport Arena), «Бакайнур-Мега» (Next TV) ва «Тумар ТВ». Бу телеканалларда қонунбузарликлар аниқланган эмас.

Муаллиф: Медина Шамшидинова