Ўш: Қорасув ва Ўзган туманларида олти киши сибир ярасини юқтириб олган

126
Сибир яраси. Сурат: «Турмуш»

Ўш вилоятининг Ўзган ва Қорасув туманларининг 6 турғуни сибирь ярасини юқтириб, касалхонага тушди. Бу ҳақда «Клооп»га 8-августда вилоят санэпидемиология назорат маркази билдирди.

Маълумотга кўра, касалликка чалинган Ўзган туманининг турғуни ҳозирда Ўш шаҳрида, Қорасувдан юқтирган фуқаролар туман ҳудудий касалхонасида даволанмоқда.

«Олти киши касалликни уй шароитида сўйилган молдан юқтириб олиб, 31-июль куни мурожаат қилишган. Бундан ташқари, еттинчи ҳолат Ўзгандаги оиланинг кичик боласига клиник ташхис қўйилди, бироқ лаборатория хулосаси берилмаган», — дейилади билдирувда.

Ўтган йилнинг 14-июлида Талас вилоятининг Кара-Буура туманидаги Кўк-Сай қишлоғининг тўрт турғунида сибир ярасининг белгилари кузатилиб, улар касалхонага тушган.

Жабрланганлар қишлоқда мол сўйилиб, гўшт олишганини айтиб берган. Кейинчалик ветеринарлар сўйилган молнинг гўшти тўлиқ йўқ қилинганини таъкидлашган. Гўшт олган яна ўн оиладаги 53 киши шифокорнинг назоратидан ўтказилган.

15-июлда касаллик сабаб Кара-Буура туманига қарашли Шекер қишлоғига ветеринар карантин киритилиб, қишлоқдан ҳайвонлар ва унинг маҳсулотларини четга чиқариш вақтинча тақиқланган.

Сибир яраси (куйдирги) — жониворлардан одамларга юқувчи хавфли, юқумли касаллик.Оқибатида шиш билан яра пайдо бўлади, агар даволанмаса ўлимга олиб келиши мумкин. Бу касалликка чалинган молнинг жасадини ёқиб, чуқур қазилган ўрага кўмиб, сиртини бетонлаб, атрофини тўсиш керак.