Ўзган туманининг Кашка-Терек қишлоғига мактаб қуриш бўйича 90 миллион сомлик тендерни ИИВга қарашли бошқарманинг етакчиси Айдинбек Туркбаевга алоқадор компания ютиб олган. Буни 8 июлда Temirov Live жамоасининг журналистлари аниқлашди.
Маълумотга кўра, 225 ўринли мактаб қуриш бўйича тендерга биргина «Тап и К» компанияси қатнашиб, ютиб чиққан. Фирма қурилишни 91 миллиондан ортиқ сомга баҳолаган.
Адлия вазирлигида «Тап и К» компаниясининг раҳбари қатори 28 ёшли Жибек Туркбаева кўрсатилган. Журналистлар Жибек ИИВнинг Қурилиш-монтажлаш давлат бошқармасининг етакчиси Айдинбек Туркбаевнинг қизи эканини аниқлашган.
Давлат харидлари сайтида Туркбаев бу компаниянинг раҳбари сифатида кўрсатилган. Айрим нашрлардаги маълумотларда ҳам Туркбаев «Тап и К» компаниясининг етакчиси деб ёзилган.
«Аниқроғи, тендерни ютиб олган фирманинг асосчиси Туркбаеванинг биз тахмин қилган отаси ҳам шу қурилиш бўйича юқори давлат лавозимида ишлайди. “Тап и К” фирмаси 2019 йилдан 2022 йилгача 26 миллион сомлик беш тендерда ютган», — деб таъкидлади Temirov Live жамоасининг журналисти.
Туркбаевга алоқадор яна бир компания
«Тап и К» фимаси кўрсатилган манзилда «Сансызбай» номли яна бир компания рўйхатда туради. OSSRP’нинг маълумотига кўра, бир неча йил олдин компанияни Айдинбек Туркбаев тузган. Ҳозир уни Сейликан Артикова бошқаради — журналистлар бу Туркбаевнинг аёли эканини айтишмоқда.
«Баҳорда Ўзган туманига сув билан таъминлаш тизимини қуриш бўйича тендерни 31 миллиондан ортиқ сомга баҳолаган “Сансызбай” компанияси ютган. 2020-2021 йиллари бу фирма турли муассасадан 52 миллон сомлик беш тендер ютган», — деди журналист.
Журналистлар Туркбаевдан изоҳ олиш учун телефон қилишган, бироқ боғланишни имкони бўлмаган. Унинг аёли Сейликан Артикова бу компаниялар ютиб олган тендерларга Айдинбек Туркбаевнинг «ҳеч қандай алоқаси йўқлигини» билдирган.
«"Сансызбай" компаниясини ўғлим бошқаради. Ундан маълумот олсангизлар бўлади. [...] “Тап и К” компаниясини қизим эри билан бошқаради. Айдинбек ўз иши билан банд», — деган у.
Кўп ўтмай Артикованинг «таниши бўламан» деган одам қўнғироқ қилиб, журналистни учрашувга чақирган. Кейин яна бири алоқага чиқиб, «ҳақиқатдан ҳам журналистсизларми» деб қизиққан. Getcontact’да рақамларнинг бири Жолдубек Туркбаев, иккинчиси Нурбек Туркбаев деб сақланган.
Temirov Live’нинг маълумотига кўра, Айдинбек Туркбаевнинг ака-укалари ҳам давлат хизматида ишлайди:
Адамбак Туркбаев — Ҳисоб палатасининг Бишкек, Чуй ва Талас вилояти бўйича ҳудудий бўлимининг етакчиси.
Пазилбек Туркбаев — олдин Таълим вазирининг ўринбосари бўлган. OSSRP’нинг маълумотига кўра, у ҳам олдин «Тап и К» компаниясининг асосчиларидан бири бўлган.
Тендер — бу давлат харидлари жараёни. Унда давлат идоралари хизматни ёки товарни қандай ҳажмда, қанча сомдан сотиб олишни истаётганини маълум қилади. Иштирокчилар эса ишни баҳолаб, танловда энг кам нарх таклиф қилгани ютади.
Бу давлатга хизмат кўрсатувчиларни рақобат асосида танлаб, минимал ҳаражат билан ишни битиришга йўл очади.
Қонун бўйича, давлатнинг юқори лавозимлари билан алоқасидор компанияларга тендерга қатнашишга йўл берилиши керак. Шунингдек, асосчилари ва етакчилари бир-бири билан бизнес манфаатдор компаниялар ҳам тендерга қатнашолмайди.
Асосий саҳифадаги сурат Молия вазирлигининг сайтидан олинди.