«Йирик коррупция тармоғи»ни уюштиришда гумонланаётган Табиат ресурслари, экология ва техника назоратининг собиқ вазири Динара Кутманованинг қамоқдаги муддати 9 октябргача узайтирилди. Бу ҳақда 7 августда Бишкекнинг Биринчи май туман судидан билдиришди.
Кутманованинг қамоққа олингани ҳақида 25 июлда маълум бўлган. МХДҚдан у «давлат маблағини ўзлаштириш бўйича йирик коррупция тармоғини уюштирган» деб таъкидлашган.
Қолаверса, табиат ресурслари вазирлиги билан «Табиатни ривожлантириш» фондидаги коррупция бўйича қўзғалган жиноий иш асосида Кутманованинг яқинлари дейилган саккиз киши қўлга олинган.
Ўша куни Кутманова Туркиядаги ўғлини номаълум одамлар ўғирлаб кетганини айтган. Эртаси МХДҚдан собиқ вазирнинг ўғли Туркияда коррупцияда гумонланиб қўлга олиниб, депортация масаласи қаралаётганини билдиришган.
Кутманованинг иши ҳақида президент Садир Жапаров ҳам изоҳ бериб, боласининг ўғирлангани ҳақидаги маълумотни «жавобгарликдан қочиш учун ўзлари уюштирибди» деб билдирган.
Ташиевнинг огоҳлантириши, Кутманованинг жавоби
20 июлда Вазирлар Маҳкамаси 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигини сарҳисоб қилувчи йиғин ўтказган. Йиғинда Ташиев сўзлаб, коррупцияга аралашганлар «жазосиз қолмаслигини, бугун ёки эртага жазоланишини» огоҳлантирган. У собиқ Табиий ресурслар вазири Динара Кутмановани мисол келтириб, унинг «Кумтор»даги ишини танқид қилган.
Ташиевнинг айтишича, бир йилда «Кумтор»га бир қанча лойиҳалар учун 4 млн доллар берилган, аммо бирорта лойиҳанинг натижаси бўлмаган. Ташиев Кутманова ўз болаларини, синглисини ва дўстларини ишга жалб қилганини айтган. МХДҚнинг бошчиси бунга алоқаси борлар жазоланишини қўшимча қилган.
Кейин Кутманова Ташиевнинг сўзларини рад этган. Кутманова ўзи ҳақида нотўғри ва бир томонлама маълумот етказилаётганини айтган.
Динара Кутманова вазир бўлиб 2021 йилнинг 13 октябрида тайинланган. Бунгача Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва ўрмон хўжалиги бўйича давлат агентликнинг директори бўлган. Кейин муассаса тарқатилиб, вазирлик бўлиб қайта тузилган.
2022 йили вазирлик ижроий ҳукуматнинг ишини мониторинг қилишда «паст» баҳо олган. 2023 йилнинг мартида Динара Кутманова муассасанинг раҳбари вазифасидан бўшатилган.