Энергетика вазири Таалайбек Ибраев Молия вазирлиги энергетика соҳасининг қарзини тўлаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олганини билдирди. Қарз миқдори камида 137 миллиард сомни ташкил этади.
Унинг айтишича, айни пайтда энергетика соҳасининг 1 миллиард сом миқдорида қаризи қолди.
«Ҳозирда катта қарз йўқ. Қарзнинг барчасини давлат ўз зиммасига олган ва ўзи тўламоқчи. Бу энергетика соҳасини тозалаш мақсадида қилинган. Масалан, сиз энергетика соҳасига сармоя киритмоқчи бўлсангиз, ўша давлатни, кейин эса ўша давлатнинг энергетика соҳасини ўрганасиз. Бу сектордаги катта қарзни кўрсангиз, “Бунча қарз билан мен чиқарган электр энергиясини сотиб ололадими?” деб хавотирга тушасиз. Биз бу қадамни сармоя жалб қилиш учун қилдик», — деб айтиб берди Ибраев «Азаттиқ» нашрига.
Энергетика тармоғининг қарзини тўлаш мажбуриятини Молия вазирлиги олишини ўтган йили март ойида, ўша вақтдаги энергетика вазири Доскул Бекмурзаев билдирган. У бундай қарорни президент Садир Жапаров қабул қилганини айтган.
2022 йилнинг январида Молия вазирлиги энергетика компанияларнинг насиясини давлат ҳисобидан, қаризни энергокомпанияларнинг капиталига айлантириш орқали тўлаб беришни таклиф қилган. Муассасадан бу энергетика компанияларнинг аҳволини яхшиланишига олиб келишини, бу эса ўз навбатида уларнинг даромадини оширишини таъкидлашган.
Энергетика мамлакатдаги энг кўп кредит талаб қиладиган соҳалардан биридир. Мустақилликнинг қарийб 30 йилида, яъни 1990 йил ўрталаридан 2021 йил охиригача, Қирғизистон 11,5 миллиард доллар ташқи ёрдам олган, унинг 2,2 миллиард доллари энергетика соҳасига сарфланган.