Чегара можаросида қурбон бўлганларга берилувчи пособияни 5,5 минг сомга ошириш таклиф қилинди

133

Вазирлар Маҳкамаси 1 августдан бошлаб 2021-2022 йилларда Боткен ва Ўш вилоятидаги чегара можаросида қурбон бўлганларнинг оилаларига ой сайин берилувчи қўшимча пособияни 5500 сомга кўтаришни таклиф қилди. Тегишли қарор лойиҳасини Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ташаббуси билан 31 июлда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Қўшимча пособия тўланадиганлар:

  • қурбон бўлганларнинг ўн саккиз ёшгача бўлган болалари;
  • қурбон бўлганларнинг ота-оналари — улар пенсия ёшига етган бўлса, агарда вафот этган фуқаро ёлғиз фарзанд бўлса – умр бўйи олишади;
  • ногирон жабрланувчилар — ногиронлик тасдиқлангандан бошлаб тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг хулосасигача.

Бугунги кунда ушбу пособияларни олганларнинг сони 60 кишини ташкил қилади. Қарор лойиҳаси кучга киргандан сўнг, пособияни олувчилар сони 77 кишига етади.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида чегара чизиғи ҳали аниқланмаган, шу боис чегарага яқин ҳудудларда – Боткен ва Ўш вилоятларида тез-тез жанжаллар чиқиб туради.

Охирги йирик можаро 2022 йилнинг 14-17 сентябрида бўлган. Қуролли тўқнашувлар давлат чегарасининг бутун периметри бўйлаб содир бўлган. Оқибатда Қирғизистоннинг 63 фуқароси ҳалок бўлган, яна 206 нафари жароҳатланган.

Тожикистон ҳукумати бу жанжалда ўз томонидан 41 киши ҳалок бўлгани ва 20 дан ортиқ киши жароҳатланганини таъкидлаган. Аммо «Озоди Радиоси» («Азаттиқ радиоси»нинг тожик хизмати) ўз манбаларига асосланиб, 83 киши ҳалок бўлганини ёзган.

Ундан бир йил аввал, 2021 йили қирғиз-тожик чегарасида яна бир кенг кўламли можаро келиб чиққан.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги можарода 36 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлиб, яна 154 киши жароҳатланганини билдирган. Тожикистон томон бўлса, 19 нафар фуқароси ҳалок бўлгани ва 87 киши яраланганини маълум қилган.