«52,4 млн сом зарар». Ерга жойлаштириш ишхонасининг Жалолободдаги ходимлари қўлга олинди

137

«Киргиз мамжердолбоорлоо» давлат ишхонасининг Жалолобод вилоятидаги ходимлари «ноқонуний ер сотиш» ва «ҳужжатни қалбакилаштиришда» гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда 27 июлда МХДҚдан билдиришди.

Қўлга олинган гумондорлар. Сурат: МХДҚнинг матбуот хизмати.

Маълумотга кўра, Сузоқнинг Қизил-Туу қишлоғидаги масъул ходимлар «Кадастр» муассасасининг вакиллари билан тил бириктириб, сохта қарор билан турар-жой қуришга 8 гектар ерни ноқонуний сотишган. Кейин моддий рағбат учун шахсий мулки ҳақида акт ёзиб беришган.

Ишни текшириш вақтида қалбаки хулоса асосида актларни «Киргиз мамжердолбоорлоо» ишхонасининг Жалолободдаги ерга жойлаштириш бўлимининг директори ва мутахассиси бергани аниқланди.

«Улар хулосада қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ерларнинг категориясини қурилиш учун атайлаб ўзгартириб, жисмоний шахсларга ер эгаси ҳуқуқини бериш билан давлат бюджетига 52 миллион 440 минг сом зарар келтирган», — деб билдиришди махсус хизматдан.

Қўлга олинган икки гумондор МХДҚнинг Жалолобод вилоятидаги тергов қамоғига киритилди. Ҳозирда текширув ишлари бормоқда.

Бунгача Сузоқ туманининг Қизил-Туу қишлоқ ҳукуматининг собиқ бошчиси Мирланбек Калмаматов ноқонуний ер сотишда гумонланиб қўлга олинган эди.

Гумондор «Кадастр» муассасасининг Сузоқдаги ходимлари билан олдиндан келишиб, сохта қарорлар билан уй қуриш учун 6 гектардан ортиқ ерни ноқонуний бергани аниқланган.

Муаллиф: Айчурок Кенжекулова