Иссиқкўлда икки киши теплоходга урилиб вафот этди

105

Чўлпонотада дам олаётган икки киши теплоходга урилиб вафот этди. Бу ҳақда «Клооп»га Иссиқкўл вилоят ИИБдан билдиришди.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги Иссиқкўл тумани умумий тиббий амалиёт марказига асосланиб, гидроцикл уриб кетгани учун жароҳатланиб бир қиз ва бир бола шифохонада вафот этгани ҳақида хабар беришган.

Бироқ, милиция маълумотига кўра, 23 июлда дам олиш масканларидан бирида, сувда кўнгилочар хизматлар кўрсатувчи моторли қайиқ ҳайдовчиси кўл устида юрган «Таблетка» балонини судраб кетаётганда, теплоходга урилган. Натижада уч киши тан жароҳати олиб, оғир аҳволда шифохонага етказилган. Оммавий ахборот воситаларида марҳум ўғил ва қиз 2000-2004 йилларда туғилгани ҳақида хабар берилган.

«Фалокатдан уч киши – икки қиз ва бир йигит жабрланган. Иккиси олган жароҳатлари туфайли вафот этган. Яна бир қиз жарроҳлик бўлимида, аҳволи барқарор, бош мияси чайқалган, ҳозирда даволанмоқда», — деб билдирди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Иссиқкўл тумани умумий тиббиёт амалиёт марказига таяниб.

Иссиқкўл вилоят ИИБдан «Клооп»га, моторли қайиқ ҳайдовчиси қўлга олиниб, дастлабки тергов чоғида содир этган жиноятини тан олганини билдиришди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан тегишли суд-тиббий экспертизалар тайинланиб, терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Асосий саҳифадаги иллюстратив сурат.