Айрим Қирғизистон банклари «Юнистрим» пул ўтказиш тизими билан ҳамкорликни вақтинчалик тўхтатди

102

Қирғизистонда камида еттита банк 21 июлдан бошлаб АҚШ Молия вазирлигининг санкциясига илинган Россиянинг «Юнистрим» пул ўтказиш тизими билан ҳамкорликни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда банклар расмий сайтларида билдирди.

«Компаньон» банкидан «санкциявий чекловлар сабаб “Юнистрим” системасида доллар билан кирувчи ва чиқувчи ўтказмалар ишламайди» деб маълум қилишди.

«Халик банк» «Юнистрим» ички техник ишлар сабаб вақтинча ишламайди деб билдиришди.

«РСК банк» Россиянинг пул ўтказиш тизими билан ҳамкорлик нима сабабдан вақтинча тўхтатилганини тушунтирмади, бироқ ишхона «Юнистрим» орқали АҚШ долларини ўтказишга вақтинча чеклов қўйилганини айтишди. «Азия Банк» ҳам шундай қарор қабул қилган.

Finca банк ҳам «Юнистрим» орқали доллар ва евро билан пул ўтказиш ва беришни вақтинча тўхтатилганини билдириб, рус рубли чекланмаганини таъкидлади.

«Капитал банк» ҳам мазкур пул ўтказишлар тизимида хизмат кўрсатишни тўхтатган.

Бу банклардан ташқари, KICB банки ҳам «Юнистрим» пул ўтказиш тизими билан ишлаш вақтинча чекланганини билдирди.

Ўз навбатида «Юнистрим» бутун дунё бўйича ҳамкорлари билан ишни давом эттиришини билдириб, ўзига нисбатан киритилган санциявий чекловнинг «эҳтимолий салбий оқибатларини енгиллаштириш учун» тегишли чоралар кўришини таъкидлади.

«Банк инфраструктурали қарорларни ишлаб чиқди, бу ҳамкорлар билан аввалги тартибда ишлашни давом эттиришга йўл беради. Бу қарор қисқа вақт оралиғида амалга оширилади», — дейилади банкнинг 20 июлдаги маълумотида.

Бунгача АҚШнинг молия вазирилиги (OFAC) 95 юридик шахсга санкция киритилганини билдирган. Уларнинг орасида Россиянинг «Юнистрим» банки ва Россияга санкциявий товарларни ташиган тўртта Қирғизистон компанияси бор.

«Новая Газета Европа» нашри қўшни Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Арманистон билан Грузиядаги айрим банклар ҳам «Юнистрим» билан ишлашни вақтинча тўхтатишганини ёзди.

«Юнистрим» Россиядаги энг йирик пул ўтказиш тизимларидан бири, у 2006 йили банк бўлиб тузилган. Банк 63 давлатдаги 150 000 марказида мижозларга хизмат кўрсатади.

Банкнинг расмий сайтидаги маълумотга кўра, 2020 йили мижозлар Арманистон, Ўзбекистон, Молдова, Тожикистон, Қирғизистон, Филиппин ва бошқа кўплаган давлатларга умумий суммаси 137 млрд рубл бўлган 6,7 миллиондан ортиқ пул ўтказишган. Сўнгги уч йилда «Юнистрим» орқали 10 миллиондан ортиқ мижоз оиласига пул солган.

Россия 2022 йилнинг февралида Украинага ҳужум бошлагандан кейин АҚШ ва Европа давлатлари Россияга қарши санкциялар киритиб, ҳарбий мақсадда фойдаланиш мумкин бўлган технологиялар экспортини қийинлаштирган. Бироқ Россия чекловга илинмаган давлатлар, жумладан Қирғизистон ва Қозоғистон орқали ғарб технологияларини олишни давом эттирмоқда.

Муаллиф: Медина Шамшидинова