Кампиробод иши бўйича қамоқда ўтирган фаол Марат Баязовнинг соғлиги ёмонлашмоқда. Бу ҳақда 18 июлда унинг адвокати Эркин Саданбеков билдирди.
Маълумотга кўра, фаол олдин тиббий санитария бўлимига соғлигидан шикоят қилиб мурожаат қилгани сабаб қуролли назоратчи ёрдамида хусусий клиникада текширувдан ўтди.
Саданбеков Баязовнинг касаллик тарихида унга қалқонсимон без аденомаси ташхиси қўйилганини ёзди.
Адвокат Баязов касалхонада даволаниши зарурлигини таъкидлаб, бу масала бўйича Қийноқларга қарши коалиция ташкилотига ва Ҳақиқатчи институтига мурожаат қилганини айтди.
«Клооп» 19 июлда фаолнинг соғлиги сабаб Жазони ижро этиш давлат хизмати билан боғланишга ҳаракат қилган, аммо буни имкони бўлмаган.
Фаол Марат Баязов ўтган йили 26 октябрда «Оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёрланишда» гумонланиб қўлга олинган. Гумондорнинг эҳтиёт чораси узайтирилиб, олдиндаги суд мажлиси 20 июлга белгиланган.
Кампиробод иши
2022 йилнинг октябрида Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 30га яқин фаол ва сиёсатчи қўлга олинган. Куч органлари уларга «Оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўрган» деб айб қўйишган.
Қўлга олинганларнинг бари Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтишини очиқ танқид қилишган, улар шу очиқ айтган сўзлари ўзларини қамоққа олишга асос бўлган дейишади.
Фаол, сиёсатчиларни қўлга олинишини бир қанча депутатлар айблаб, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Қирғизистон ҳукуматидан қўлга олинганларнинг барчасини озод қилишга чақирган.
2023 йилнинг 26 июнига кўра, барча айбланувчиларнинг орасидан 14 одам тергов изоляторида қолмоқда: Бектур Асанов, Акил Айтбаев, Темир Махмудов, Равшан Жээнбеков, Кубаничбек Кадиров, Кенешбек Дуйшобаев, Жениш Молдокматов, Марат Баязов, Азимбек Бекназаров, Али Шабдан (Чинарбек Шабдан ўғли), Эрлан Бекчоро ўғли, Айданбек Акматов, Айбек Бузурманкулов ва Илгиз Шаменов.