Европарламент Қирғизистон бўйича резолюциясини муҳокама қилиб қабул қилди. Резолюцияда Қирғизистонда сўнгги йиллари инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлигининг ҳолати кескин ёмонлашгани айтилади.
«Адилет» ҳуқуқ клиникасининг бошчиси Чолпон Жакупова резолюцияга изоҳ бериб, бу Қирғизистонга ўлкадаги «демократик маконнинг торайгани» учун «охирги огоҳлантириш» бўлиб ҳисобланишини билдирди.
Европарламентнинг резолюцияси
Европарламентнинг депутатлари 13 июлда Страсбург шаҳрида (Франция) ўтган йиғинида Қирғизистондаги ахборот воситаларига ва сўз эркинлигига нисбатан босим ҳақида резолюциясини қабул қилишди. Овозга қўйилган резолюцияни 469 депутатнинг 320си қўллади.
Бунгача депутатлар резолюцияни муҳокама қилиб, унинг эълон қилинган матнида Қирғизистонда 2022 йилнинг январидан бошлаб инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлигининг ҳолати кескин ёмонлашиб кетгани айтилган.
Европарламент резолюцияда Қирғизистон ҳукумати Европа иттифоқ билан Қирғизистон ўртасидаги кенгайтирилган ҳамкорлик ҳақидаги келишувга мувофиқ, асосий эркинликларни, жумладан ОАВ ва фикр билдириш эркинлигини ҳурмат қилишга ва қўллашга чақирган.
Шунингдек, Европарламент Қирғизистонни «ОАВ ҳақидаги», «Нодавлат ташкилотлар ҳақидаги» (президент администрацияси таклиф қилган), «Чет эллик агент ҳақидаги» (депутатлардан иборат гуруҳ таклиф қилган), болаларга «зарарли» маълумот тарқатиш учун жарима солиш ҳақидаги қонун лойиҳасини ортга қайтаришга ундаган.
Бундан ташқари, резолюцияда тартибсиз қўлга олинган ҳуқуқ ҳимоячиларини, ОАВ ходимларини ва журналистларни зудлик билан озод қилишни, Қирғизистондан чиқарилган суриштирувчи журналист Болот Темировга ва Next TV телеканалининг собиқ етакчиси Таалайбек Дуйшонбиевга қўйилган айбларни бекор қилишга чақиргани айтилган.
Бундан ташқари, улар қирғиз ҳукуматини ОАВга босимни тўхтатиб, фуқаровий жамият ташкилотларига, журналистлар ва ОАВ ходимларига хавфсиз иш шароитларини тузиб беришга ундашди.
«Сўнгги огоҳлантириш»
Жакупова аввалроқ «барча халқаро Европа институтлари Қирғизистонда демократик муҳит қисқариб бораётгани сабаб бир неча марта огоҳлантириш беришганини» таъкидлаб, Европарламентнинг резолюциясини «охирги огоҳлантириш» деб билиб, бундан кейин иқтисодий чоралар кўрилиши мумкинлигини айтди.
«Улар асосан икки қонун таклифига, ОАВ ва НКО бўйича эътибор қаратишди. [...] Европарламентнинг депутатлари уч ҳуқуққа боғлиқ хавотирларини билдиришди — улар одамларнинг ўз фикрини эркин билдириш, эркин уюшиш ҳуқуқи, нодавлат ташкилотларнинг фаолиятига ва тинч митингларни ўтказиш ҳуқуқлари. Шунингдек, блогер, фаол ва бошқаларнинг ҳуқуқларини бузиш билан қўлга олинишига эътибор қаратишди», — деб ёзди «Азаттиқ» Жакупованинг сўзларини.
Унинг айтишича, ҳужжатда Европа институтлари учун хулосалар ҳам бор, унда улар ўзларининг Қирғизистонда амалга оширилаётган ривожлантириш бўйича дастурларини қайта кўриб чиқишлари кераклиги айтилган.
«Бошқача айтганда, бунинг натижасида иқтисодий чоралар кўрилиб, Европа институтлари томонидан молияланган дастурлар тўхташи мумкин деб огоҳлантиришмоқда. Бизнинг ҳукумат бунга юз буриши мумкин, аммо бу ерда огоҳлантириш бўляпти, санкциялар қабул қилиниб, дастурлар ёпилиши мумкин. Ҳукумат хулоса чиқариб, қонун лойиҳаларини қайтариб олиши керак. Акс ҳолда биз яккаланиб қоламиз. Биз бошқа дунёдан ажралиб қолишга қай даражада манфаатдормиз?» — деди Жакупова.
Май ойида ахборот эркинлигини ҳимоя қилган «Чегарасиз мухбирлар» халқаро ташкилоти матбуот эркинлиги бўйича ўзининг глобал рейтингини эълон қилган. Унга кўра, Қирғизистон 72-ўриндан 122-ўринга тушиб кетган.