Депутат Икрамов сайловга қатнашмаган фуқароларга жарима солишни таклиф қилди

156

Депутат Тазабек Икрамов президентлик ва парламент сайловида овоз беришга қатнашмаган фуқароларга жарима солишни таклиф қилди. Тегишли қонун лойиҳаси 13 июлда жамоатчилик муҳокамасига чиқарилди.

Халқ вакили «Президент ва Жогорку Кенеш депутатларини сайлаш ҳақидаги» қонунга ўзгартириш киритиб, республика ҳудудидаги барча фуқароларга, маълум сабаби бор фуқароларни қўшмаганда 5 минг сом жарима солишни таклиф қилди. Бироқ қонун лойиҳасида маълум сабабларнинг критерийлари айтилмаган.

Қонун лойиҳасининг маълумотномасида Австралия, Бразилия, Туркия каби бир қанча Европа давлатларида маълум сабабсиз сайловга қатнашмаган фуқароларни жавобгарликка тортиш практикаси қўлланилиши айтилди. Икрамов жарима солиш чорасини киритиш одамларни сайловга қатнашишини таъминлайди деб ҳисоблайди.

«Сайловчиларнинг кўпини сайловга қатнашмаслигининг оқибатлари Қирғизистон Конституциясида кўрсатилган демократиянинг асосий принципи бузилишига ва республика бюджетидан маблағни сарфланишига олиб келишини таъкидласак бўлади. Шу сабабли меъёрий-ҳуқуқий актларга юқорида аталган ўзгаришларни киритиш лозим», — дейилади ҳужжатда.

Қирғизистонда охирги сайловларда овоз беришга келганларнинг сони оз бўлмоқда.

Масалан, натижаси бекор қилинган Бишкекнинг Ленин сайлов округи бўйича навбатдан ташқари сайловда 124 мингдан ортиқ сайловчидан 17 минг 423 (13,95%) овоз берган.

2021 йили ўтган охирги президентлик сайловида сайловчиларнинг овоз беришга келиши 39,75%ни ташкил қилган. Уларнинг орасидан амалда ишлаётган президент Садир Жапаровнинг номзодига 79,2% овоз берган.

Асосий сурат: Даниль Усманов