Қўшиқчи Нурчолпоннинг зўравонликка учрагани бўйича уч ҳарбий ходим дисциплинар жазога тортилди

137

Ҳарбий прокуратура қўшиқчи Нурчолпон зўравонликка учраган воқеа бўйича текширув олиб борди. Натижада 3 ҳарбий хизматчи дисциплинар жазога тортилганини 11 июлда «Клооп»га бош прокуратурадан билдиришди.

Маълумотга кўра, ҳарбий қисмнинг командир ўринбосари, Армиянинг марказий уйи етакчиси вазифасини бажарувчи ва асосий қурол-яроқ бошқармасининг бошчиси жазоланган.

Нурчолпон ҳарбийларга бағишланган тадбирда полковник томонидан зўравонликка учраганини 31 майда айтган. У полковникнинг ҳамкасблари ҳам унга шилқимлик қилганини таъкидлаган.

«Мен армиянинг марказий уйида мусиқачи бўлиб ишлардим. Турли ҳарбий байрамларда концерт қўярдик. Уларнинг бирида бир полковник зўравонлик қилиб, мени ушлашга ҳаракат қилиб, куч ишлатди. У полковник бўлгани учун бирорта ҳам офицер ёки аскар менга ҳимоя қилмади. Мусиқачилар учун масъул бўлган командирларимиз ҳам қараб турди», — деган у.

Қўшиқчи тадбирга қатнашганлар орасидан ҳамкасби, қўшиқчи Ильяз Андаш ёрдам берганини таъкидлаган. Унинг айтишича, тадбирдан кейин бошқа қўшиқчи аёллар ҳам «бундай ҳолга тушишганини» айтишган.

Бу воқеа бўлгандан кейин милицияга «ариза ёзганини» ва полковник ундан кечирим сўраганини қўшимча қилган.

«Полковник кечирим сўраб қутилиб кетди, мен эса травмамни бир ярим йил даволадим. Натижаси: ўзингизга ва асабингизни асранг, бирорта ҳам иш соғлигимиз учун арзимайди», — деган у.

Зўравонлик қилиш ва жазо

Харассмент ёки зўравонлик — одамнинг шахсий ҳаётига даҳлсизликни бузиб, ноқулайлик яратиб, қолаверса зарар олиб келувчи ҳаракат. Унга ушлаб кўриш, ўпиш, қучоқлаш ёки ҳаддан ортиқ ҳаракатлар киради. Бундан ташқари, сўз билан камситиш ёки қўрқитиш, ёқимсиз огоҳлантиришлар ёки қўпол муносабатлар ҳам зўрлик бўлиб ҳисобланади.

Қирғизистонда қизлар кўчада, ўқишда ёки ишда жинсий зўравонликка учрашади. Статистикага кўра, қирғизистонлик қизларнинг 83% ҳаёти давомида камида бир марта руҳий, жисмоний ёки жинсий зўравонликка учраган. Кўп ҳолларда жабрланувчилар милицияга мурожаат қилишмайди, сабаби жамиятнинг камситишидан қўрқишади.

Қонунда жинсий зўравонликнинг ўзига ҳеч қандай жазо қўлланилмайди. Юрист Фатима Якупбаеванинг айтишича, қоида қатори бундай ҳолда «Майда безорилик» моддаси қўлланилади, унда айбланувчи жамоат ишларига жалб қилиниб, жаримага тортилади ёки 3-5 суткагача қамалади.

Қонунда зўравонлик қилиш ёки шантаж қилиш билан жинсий ҳаракатларга бориш учун жавобгарлик кўрсатилган. Бундай вазиятда «Жинсий ҳаракатларга мажбурлаш» ёки «Жинсий зўравонлик ҳаракатлари» моддалари қўлланилади. Бироқ буни «видео, аудио, гувоҳларнинг кўрсатмасисиз исботлаб бериш жуда қийин» дейди юрист.

Муаллиф: Айчурок Кенжекулова