Қорасув: «Россия нефть» базасидан ёнғин чиқиб, икки киши жабрланди

123

Ўш вилоятининг Қорасув туманида парламент депутати Алишер Козуевнинг оиласига тегишли «Россия нефть» базасида ёнғин чиқиб, икки одам жароҳатланди. Бу ҳақда 4 июлда ФВВнинг матбуот хизмати билдирди.

Хабарга кўра, ҳодиса ҳақида 3 июлда соат 18:20да маълумот тушган. Ёнғинни ўчиришга икки бўлим жалб қилиниб, соат 19:01да тўлиқ ўчирилган.

«Воқеа натижасида бензин тортувчи насос, оғир юк ташувчи DAF русумидаги авто цистернаси куйган. Бундан ташқари, икки киши жароҳатланиб касалхонага юборилган» — деб ёзилади маълумотда.

Ҳозирда ёнғин сабаблари аниқланмоқда.

2 июлда Ўшдаги «Меҳрибонлик» уй-интернатида ҳам ёнғин чиқиб, 198 кв метр майдон ёниб, яроқсиз ҳолга келган.

«Меҳрибонлик» уйида ёш болалар учун алоҳида, қариялар учун алоҳида бино бор. Ёнғин болалар яшаган уйдан болаларнинг ҳаммаси ташқарида юрган вақтда чиқиб, ҳеч ким жабрланган эмас.