Ҳукумат «Альфа Телеком»ни (MEGA) қайта сотувга қўйди. У 14 млрд сомга баҳоланди

89

Ҳукумат MEGA («Альфа Телеком») уяли операторини қайтадан сотиш ҳаракатини бошлади. Ким ошди савдосини ўтказиш бўйича билдирув давлат мулкни бошқариш агентлигининг сайтида маълум қилинди.

Агентликнинг маълумотига кўра, «Альфа Телеком» ЁҲЖнинг акцияларини давлат улушини дастлабки нархи 14 млрд 600 млн сом. Электрон аукционда компаниянинг 100% акциясини сотиш режалаштирилмоқда.

Билдирувларни қабул қилиш 4 июлда бошланиб, 2023 йилнинг 2 октябригача давом этади.

2014 йили давлат мулкига ўтган уяли операторни ҳукумат бир неча йилдан бери сотишга ҳаракат қилиб, натижа бўлмаган.

Сўнгги марта компанияни сотиш режалаштирилаётганини 2022 йилнинг ноябрида давлат мулк фондининг ўша вақтдаги бошчиси Мирлан Бакиров билдирган. Бакиров ҳукумат 2023 йили «Альфа Телеком»дан бошқа яна 30 давлат ишхонасини сотишни исташини қўшимча қилган.

Аммо 2023 йилнинг январида президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев MEGA («Альфа Телеком» ЖАК) уяли оператори давлат тасарруфида қолишини билдирган.

MegaCom (ҳозир MEGA) алоқа оператори Қирғизистонда 2006 йили иш бошлаган. 2010 йилнинг апрелидаги исён натижасида ҳукуматга келган муваққат ҳукумат ўзининг декрети орқали компаниянинг 49% акциясини миллийлаштирган. Тўрт йилдан кейин «Мегаком» тўлиқ давлат мулкига ўтган.

Бироқ ҳукумат компанияни ёки унинг улушини 2011 йилдан бери сотишга камида ўн марта ҳаракат қилган.

2017 йили компания сотилиш арафасида ўша вақтдаги ҳукумат бу ғоядан бош тортган. Унда «Мегаком»нинг бош директори бўлган Акилбек Жамангулов буни «сиёсий қарор» деб атаган.

«Компания давлатга даромад олиб келиши керак. Биз 100 фоиз давлатга тегишли бўлган намунали компания қуришга ҳаракат қиляпмиз», — деган ўша вақтда.

Жамангулов бу қарорни президент Сооронбай Жээнбеков ва ҳукумат бошчиси Мухаммедкалий Абилгазиев қабул қилганини таъкидлаган.