Ўш шаҳридаги Ленин ўрта мактабига 2,7 млн сомга футбол майдончаси қурилди. Бу ҳақда 5 июнда «Клооп»га Ўш шаҳрининг капитал қурилиш бошқармаси бошчиси Шумкарбек Пайзиев билдирди.
Маълумотга кўра, футбол майдончасини қуришга Ўш шаҳар мэриясининг ғазнасидан маблағ ажратилган. Футбол майдони умумий 800 кв метрни ташкил қилади. Унинг узунлиги — 40, кенглиги эса — 20 метр.
Ҳозирда футбол майдончасининг қурилиши тўлиқ битирилиб, фойдаланишга топширилди.
Бунгача шаҳар ҳукумати Ўшдаги Ахматбек Суйумбаев номидаги марказий стадионни капитал таъмирлаш ишлари бошланиб, унга шаҳар ғазнасидан 25 млн сом берилганини билдирган. Стадионнинг томошабинлар учун қурилган ўтиргичлари синиб, ёмон аҳволда экани айтилган эди.
Стадион 2019 йили ўша вақтдаги мэр Таалайбек Сарибашевнинг ташаббуси билан таъмирланган. Сарибашев ҳукуматдан 12 млн сом берилганини билдирган, бироқ кўп ўтмай таъмирлаш ишларининг натижаси танқид қилинган. Шаҳар ҳукумати буни совуқ об-ҳавога боғлаб, қайта таъмирлаган.