МСК Дамира Ниязалиевани номзод сифатида рўйхатга олишни бекор қилди

Марказий сайлов комиссияси 5 июнда Бишкекнинг Ленин туман округидан Жогорку Кенеш депутатлигига номзод Дамира Ниязалиеванинг рўйхатини бекор қилиб, жиноий жавобгарликка тортишга розилик берди.

МСКнинг йиғинида Бишкек шаҳар ИИБ бошчисининг ўринбосари Чинарбек Майлибаев номзод томонидан овоз сотиб олиш факти исботланганини билдирди. Унинг айтишича, шаҳар милицияси МСКга Ниязалиевани жиноий жавобгарликка тортиш ҳақида илтимос юборди.

Бунгача Ленин округидан дастлабки ҳисоб бўйича олдинга чиққан Дамира Ниязалиевага жиноят иши қўзғалиб, сайлов штаби муҳрланиб ёпилган.

Бунга 29 майда Дамира Ниязалиеванинг ташвиқотчиларидан бири билан телефонда суҳбатлашган аудио ёзув тарқагани сабаб бўлган. Унда овоз сотиб олиш ҳақида сўз бўлган. 30 майга ўтар кечаси унинг штабида тинтув ўтказилган.

Ниязалиева ўзининг атрофидаги воқеаларни “рақибларнинг қоралаши” деб атаган.

“Аудио бўйича у мен эмасман, бу монтаж. Менга босим, олган овозларимни бекор қилиш ҳаракати бўлмоқда. Бу ҳаракатлар менинг рақибларим томонидан бўлмоқда деб ўйлайман”, — деган у изоҳида.

28 майда Бишкекдаги бир мандатли №26 Ленин сайлов округида муддатидан олдин депутатлик сайлови ўтган. Овоз беришнинг дастлабки натижаси бўйича Дамира Ниязалиева олдинга чиққан.

Автоматик ҳисоблаш урналарининг натижасига кўра, Ниязалиева сайловга қатнашганларнинг 35,83% овозига эга бўлган — унга 6 242 сайловчи овоз берган.

2 070 овозга эга бўлган номзод Улан Сариев 11,88% билан иккинчи ўринга илинган.

МСКнинг маълумотига кўра, овоз беришга округдаги сайловчиларнинг 13,95% қатнашган.