«Кампиробод иши»нинг фигуранти, қамоқдаги сиёсатчи Равшан Жээнбековнинг аёли Салкинай Алимбаеванинг соғлиғи ёмонлашмоқда. Бу ҳақда адвокати Гуляна Убалиева билдирди.
Унинг айтишича, 2 июнга ўтар кечаси соат 04:00 атрофида Алимбаева МХДҚнинг ТИЗОсида ҳушидан кетган.
«Унинг ўтида тош бор. Қўлга олингунча операция қилдириши керак эди. Шифокори унга тошни олиб, тажрибали жарроҳ топиб бераман деб ваъда берган. Уч марта операция бўлган. Кечда ҳушидан кетиб, йиқилди. Унга биринчи марта келганимда чиқолмади. Шифокор билан сўзлашолмадим. У билан учраштиришни талаб қилиб, қандай аҳволда эканини ўз кўзим билан кўришим керак эди. [...] Жуда ҳолсиз, доим боши оғрийди, чарчаб йиқилади», — деди у.
Шунингдек, адвокат Алимбаеванинг қизи холасиникида эканини айтиб, «депрессияга тушиб, ҳеч кимни йўлатмайди, ҳеч ким билан гаплашмайди, унинг аҳволи оғир» деб таъкидлади.
Убалиева Алимбаевани қамоқда қолдириш ҳақида Биринчи май туман судининг қарори бўйича шаҳар судига апелляция беришганини қўшимча қилди.
Салкинай Алимбаеванинг қўлга олиниши
Равшан Жээнбековнинг аёли Салкинай Алимбаева 25 майда МХДҚ томонидан қўлга олинган. Ўғли Азат Равшан онасини куч билан олиб кетишганини, 13 ёшли синглиси ёлғиз қолганини маълум қилган.
Алимбаеванинг адвокати у тушга яқин махсус хизматга кириб, саккиз соат сўроқ қилинганини, адвокати билан учрашишга рухсат берилмаганини билдирган.
У саккиз соат сўроқдан кейин МХДҚнинг ТИЗОсида қолдирилган. 26 майда Бишкекнинг Биринчи май туман суди Алимбаевани икки ойга қамоққа олишга қарор қилган. Унга «коррупция» бўйича айб қўйилган. Бироқ Алимбаева суд залидан чиқиб кетаётиб «айби йўқлигини» айтган.
Равшан Жээнбеков президентга мурожаат қилиб, оиласини таъқиб қилишни тўхтатишни талаб қилган. кейинчалик Жээнбековнинг қайнонаси ҳам давлат раҳбарига мурожаат қилиб, қизи билан куёвини озод қилишни сўраган.
Равшан Жээнбеков Кампиробод иши бўйича қўлга олиниб, ҳозирда Бишкекдаги №1 тергов қамоғида. Унга «Оммавий тартибсизлик уюштириш» моддаси билан айб қўйилган. Шунингдек, «Қўйтош воқеалари»га боғлиқ иш ҳам қўзғалган.