ИИВ Ниязалиеванинг штабида ишлаган икки кишини «овоз сотиб олиш» бўйича қамоққа олди

91

Бишкекда «Овоз сотиб олиш» бўйича қўзғалган жиноят иши асосида Дамира Ниязалиеванинг штабида ишлаган икки киши қўлга олинди. Бу ҳақда 31 майда «Клооп»га шаҳар милициясидан билдиришди.

Маълумотга кўра, «Овоз сотиб олиш» бўйича иш 29 майда қўзғалган. Гумондорлар вақтинча сақлаш жойига киритилди. Ҳозирда улар тергов билан ҳамкорлик қилмоқда.

28 майда Ленин округидаги сайлов вақтида ИИВ Дамира Ниязалиеванинг штабида ишлайди деган ташвиқотчиларга боғлиқ овоз сотиб олиш факти текширилаётгани маълум қилинган. Ниязалиева ижтимоий тармоққа эълон қилган видеоларни «рақибларнинг қоралаши» деб сифатлаган.

Эртаси куни унинг штаби муҳрланиб, жиноят иши қўзғалган. Милиция иш қўзғаб, штабни тинтишига интернетда тарқалган аудио асос бўлганини билдирган.

Ниязалиеванинг ташвиқотчиларидан бири билан телефонда суҳбати эканлиги айтилган овозли ёзув 29 майда тарқаган. Унда овоз сотиб олиш ҳақида сўз бўлган. Аммо Ниязалиева аудиони монтаж деб, буни «рақибларининг овозларни бекор қилиш ҳаракати» деб баҳолаган.

Ленин туманидаги сайлов

28 майда Бишкекдаги бир мандатли №26 Ленин сайлов округида муддатидан олдин депутатлик сайлови бўлган. Овоз беришнинг дастлабки натижаси бўйича Дамира Ниязалиева олдинга чиққан.

Автоматик ҳисоб урналарининг натижасига кўра, Ниязалиева сайловга қатнашганларнинг 35,83% овозига эга бўлган — унга 6 242 сайловчи овоз берган.

МСКнинг маълумотига кўра, овоз беришга округдаги сайловчиларнинг 13,95% қатнашган. Бу ҳудудда 125 мингга яқин сайловчи рўйхатдан ўтган.

МСКга қоида бузишлар бўйича тўққизта ариза тушиб, олтита мурожаатдаги маълумот тасдиқланмаган. Учтасини эса ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари текширмоқда — хулосаси сайлов натижасига таъсир қилиши мумкин.

Дамира Ниязалиева ким?

Дамира Ниязалиева 2007-2010 йиллари Жогорку Кенеш депутати бўлган. 2010 йилдаги апрель инқилобидан кейин муваққат ҳукумат даврида Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарган. Ўша йили у КСДП партиясидан парламентга депутат бўлган.

2014-2016 йиллари Алмазбек Атамбаев ҳукуматни бошқарганда Ниязалиева вице-премьер-министр лавозимида ишлаган. 2021 йилги парламент сайловида Ниязалиева №32 Кочкор бир мандатли сайлов округидан номзод бўлган, бироқ етарли овоз ололмаган.