Украинадаги урушдан 23 ёшдаги қирғизистонлик Байжигит Юсупбаевнинг жасади келди

131

Россия ҳужум қилган Украинадаги урушдан 23 ёшдаги қирғизистонлик Байжигит Юсупбаевнинг жасади 28 майда Жалолобод вилоятининг Қоракўл шаҳрига келди. Бу ҳақда Turmush нашри ёзди.

Маълумотга қўра, у Россияда туғилган ва фуқаролик олган. Қоракўл шаҳрига қарашли Чон-Таш қишлоғида ўсган.

Юсупбаев 19 ёшида чақириқ билан Россияга ҳарбий хизматга кетиб, давлатнинг Миллий гвардиясида хизмат вазифасини ўтаган. Turmush нашрининг маълумотига кўра, у иккинчи марта келишим йўли билан ҳарбий хизмат ўташга борганда вафот этди.

18 майда Россиянинг Украинага очган урушидан Россия қамоқхонасида жазо ўтаётган қирғизистонлик Актилек Кадировнинг жасади келган. У «Вагнер» орқали урушга кетиб, Бахмут шаҳрида вафот этган.

Украинадаги урушдан жасади келган қирғизистонликлар

Бунга қадар урушдан ўнга яқин қирғизистонликнинг жасади келган — уларнинг кўпчилиги Россиянинг қамоқхоналарида жазо ўтаётиб «Вагнер» тузоғига илинганлар.

Бундан ташқари 26 апрелда фарзандлари Россия қамоқларида ўтирган 30га яқин ота-она ҳукуматга мурожаат қилган. Улар президент Садир Жапаровдан «гиёҳванд моддаларини ташиган» деган айб билан судланган болаларини Қирғизистонга экстрадициялашга ёрдам сўрашган.

Ота-оналар болалари курьерлик ишига кирганидан сўнг «Россия мафиясига ем бўлиб, гиҳванд моддалари билан қамалиб қолганини» таъкидлаб, қамоқдаги муҳожирлар Украинадаги урушга сафарбар қилинади, деган ҳавотирларини билдиришган.

Мазкур масалани Жанар Акаев парламентнинг 27 апрелдаги йиғилишида кўтариб, Бош прокуратура бу бўйича тезкор ҳаракатлар кўриши кераклигини айтган.

Ташқи ишлар вазирлигининг жорий йилнинг февраль ойидаги маълумотига кўра, чет давлатларда судланиб, қамоққа олинган 1282 қирғиз фуқароси мавжуд. Уларнинг 1077таси Россия қамоқларида.

Бош саҳифадаги сурат Turmush нашридан олинди.