Азиз Бейшеналиев: Бир йилдан бери Россия ТИЗОсида ўтирган Нургул Азимова ҳуқуқий ёрдамга муҳтож

135

Товламачиликда гумон қилинган қирғизистонлик аёл бир йилдан бери Россия ТИЗОсида ўтиради. Уч болали аёлнинг устидан турмуш ўртоғи ариза ёзган. У айби йўқ эканини айтиб, ишни адолат билан текширишни илтимос қилмоқда. Бу ҳақда актёр Азиз Бейшеналиев фейсбук саҳифасида ёзди.

Азиз Бейшеналиев унга Нургул Азимова исмли фуқаро мурожаат қилиб ёрдам сўраганини таъкидлади. Шу сабабли президент Садир Жапаров ва Вазирлар Маҳкамасининг раиси Акилбек Жапаровга, шунингдек Жогорку Кенеш спикери Нурланбек Шакиевга очиқ хат йўллади.

Актёрнинг айтишича, аёл давлат ҳимоясига муҳтож бўлмоқда.

Ҳужжатларни қалбакилаштириш ва йирик кредит

Бейшеналиевнинг қўлига теккан илтимос хатида, вояга етмаган уч болали келин турмушидан ажрашиб, 2021 йили Россияга келганидан кейинги тақдирини айтиб берган. Нургул Азимова Москвада ишлаб юриб Мирлан Исмаилов исмли шахс билан танишиб, муомала қила бошлаган. Мирлан унда боши очиқ эканини айтади.

Сўнгра Нургул 450 минг сомга баҳоланган машинани қарзнинг ўрнига олганини эшитган Исмаилов оилавий муаммоларини айтиб Нургулдан пул сўрай бошлайди.

«У ота-онасининг уйи гаровда эканини айтиб мендан 150 минг сом қарз сўраган, мен берганман. Кўп ўтмай, машинам бузилиб қолди, деб яна 47 минг рубль олган. Шу вақтгача мен унга пул бериб келганман»,— дейди у.

Нургул 2021 йилнинг декабрида ҳомиладор эканлигини билиб, Мирлан иккиси никоҳ ўқитиб яшай бошлайди. Бир ойдан сўнг унга нотаниш аёл телефон қилиб, Мирланнинг аёли эканлигини, эрининг юриш-туриши бўйича айтиб берган. Аммо қайнона-қайнотаси томон Нургулни «аввалги аёлининг ўзи айбдор бўлган» деб тинчлантиришади.

Кўп ўтмай Нургул қайинларининг илтимоси билан уларга йирик суммада кредит олиб бермоқчи бўлади. Қирғизистонга кетамиз деб турганда эрининг яна нималардир қилаётганини билиб қолади. Ур-тўпалон бўлиб, Мирлан аёлига қўл кўтаради.

Боши мебелга тегиб, қаттиқ калтакланган аёл икки кун ўрнидан турмай ётади. Шунга қарамай Мирлан Нургулни кредит олиш учун Қирғизистонга олиб келади. Шундан сўнг банк никоҳ гувоҳномасини талаб қилгани учун, тез орада иккиси расмий никоҳдан ўтади. Шу орада ур-тўпалон натижасида аёлнинг ҳомиласи тушиб қолади.

Расмий никоҳдан ўтгандан сўнг эр-хотин аёлнинг номига бир миллион икки юз минг сом кредит олади. Лекин Мирланнинг оиласига уч миллион керак деган баҳона билан бошқа банкларни қидира бошлашган. Банк ходимларидан бири Мирланнинг паспортидан гумон қилиб, шундагини аёл эри ҳужжатларини тўрт марта тўғрилатганини эшитган.

«Аввал ҳам кўп марта кредит олгани учун исмини алмаштирган экан. Ҳатто акалари ва онаси ҳам исм-фамилиясини алмаштирибди. Албатта, бари ноқонуний келишув асосида қилинган, эрим бу ишлари билан фахрланарди»,— дейди Нургул.

Амалга ошмаган АҚШга сафар

2022 йили майда Нургулга қайнотаси телефон қилиб, «никоҳ  гувоҳномангни Мирланга берма» деб огоҳлантиради. Отаси ўғли АҚШга кетадиган визаси бор аёл билан танишиб, тез орада унга уйланиб, оила аъзоси сифатида кетишга ҳаракат қилаётганини билиб қолади.

Кўп ўтмай никоҳ гувоҳномасини талаб қилиб эри келади ва «Қадамжойда қолдирганман» деган жавобдан сўнг аёлни қаттиқ уради. Ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилсанг, кўрасан деб қўрқитади.

Эрининг уруғларига олиб берган кредитни тўлаш учун Нургул қайта Москвага келиб ишлай бошлайди. Шу вақтда унга номаълум одамлар телефон қилиб, эри қарздор эканини айтиб, топиб берасан деб қўрқита бошлайди.

Нургулнинг айтишича, 2022 йили июнда эри яна Москвага келганини эшитади. Пулларни қайтар, деб безовта қилаётган номаълум кишилар ҳақида айтиш учун учрашгани ҳаракат қилади. Аммо эри уни қора рўйхатга киргизиб қўйган бўлади.

Шундай қилиб Нургул танишлари орқали эрини «топтиради».

«Эски танишим Мирланнинг қилиқларини жудаям чидаб бўлмаслигини айтиб, гаплашиб қўядиган танишим бор дейди. Улар мени 9 июнда кел, деб манзил жўнатишди. Борсам Мирлан ва яна беш киши бор экан. Эрим қарзга ботирганини, уриб, саваганини тан олмай турибди. Телефондаги танамдаги кўкарган суратларни, кредит ҳужжатларини, унинг смс билдирувларини далил сифатида кўрсатдим. Мени кетавер дейишди. Уни ҳеч ким калтакламаган, гувоҳлар бор», — дейди Нургул хатида.

Бу воқеадан сўнг Нургулни полиция «эрини товламачиликда алдаган» деб айблаб қўлга олган. Полиция бўлимида Элчихонанинг икки ходими ҳам бўлган. Нургулнинг айтишича, улар аёлга қўпол муомалада бўлган ва видеога олиб «қизларингга жўнатамиз» деб қўрқитишган.

«Билишимча, элчихонанинг ходими эримни яқин таниши эди. У ҳар қандай масалаларни ечиб берган бунга қадар ҳам. Менинг ҳуқуқларим ҳақида ҳеч ким тушунтирмади, оқ вароққа қўл қўйдириб олишган. Бир йилдан бери Москванинг ТИЗО-6сида қамоқдаман. Телефон қилиб болаларим билан гаплашиш имкониятим йўқ. Россияда ёлғиз, русча ҳам яхши билмайман, ҳимоясиз қолдим»,— деб билдирган Нургул.

Аёлнинг илтимос хатини эълон қилган Азиз Бейшеналиев Қирғизистон ИИВга мурожаат қилган ва ҳужжат қалбакилаштириш бўйича ишни текширишни, воқеани адолат билан тергов қилишни сўради.

Шунингдек, ТИВ ҳамда Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонасига мурожаат қилиб, аёлга полиция бўлимидан таҳдид қилиб, руҳий шантаж қилган ходимлар ким эканини аниқлашни илтимос қилди.

Актёр Элчилик билан ТИВ қамоқдаги аёлга консул ва юридик ёрдам кўрсатадими, деб савол берди.

Элчилик нима дейди?

Қирғизистоннинг Россиядаги Элчилигидан 2022 йили 10 июнда Россиядаги ИИВнинг вакиллигига қирғизистонлик киши мурожаат қилганини билдиришди. У тунги соат 2да номаълум кишилар акасини таксига куч ишлатиб солиб, номаълум томонга олиб кетишганини айтган.

«Тезкор қидирув ишлари натижасида, жабрланувчи қўлга олиниб Москвадаги уйларнинг биридан топилган. Унинг хоҳишига қарши ушлаб, қариндошларидан 1 800 000 рубль талаб қилишган. Россиянинг ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан бу жиноятга алоқадор шахслар қўлга олинган», — деб билдирди Элчилик.

Элчиликдан, терговнинг версияси бўйича гумондорларнинг айби жабрланувчининг, гувоҳларнинг кўрсатмаси, тергов ҳаракатларининг протоколи ҳамда суд-тиббий экспертизасининг хулосаси ва бошқа жиноий ишнинг материаллари билан аниқланган деб қўшимча қилишди.

Уларнинг айтишича, тергов хулосалангандан сўнг ишни Россия судининг инстанциялари кўриб, қонуний қарор қабул қилади.

«Қирғизистонниг Россиядаги Элчилигининг ходимлари қўлга олинган аёлга босим қилди, деган маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди», — деб билдиришди муассасадан.

Тайёрлаган: Бурулсун Жумалиева