«Раҳм қилинглар». Равшан Жээнбековнинг қайнонаси президент ва МХДҚ раисига мурожаат қилди

145

«Кампиробод иши»нинг фигуранти, қамоқдаги сиёсатчи Равшан Жээнбековнинг қайнонаси Рахима Алимбаева президент Садир Жапаров ва МХДҚ раиси Камчибек Ташиевга мурожаат қилди. У қизи Салкинай Алимбаева билан куёвини озод қилишни сўради.

«90 ёшга чиқиб болаларимнинг яхши кунларини кўраман деганда шундай йиғлаб қолдим. Куёвим Равшанимни қамадинг, кейин қизимни ҳам қамадинг. Бунчалик нима бўлди? Қирғизда бундай ҳаёт йўқ эдику болам. Қизи ёлғиз қолди, бугун туғилган куни. Йиғлаб, танаси қизиб, тонг отгунча ухламади. Ёнида мен йиғлаб ўтирдим», — деб кўзига ёш олди у.

Алимбаева қизи сиёсатга аралашмаганини таъкидлаб, «тўрт боланинг онаси бўлган» деб қўшимча қилди.

Жээнбековнинг аёли Салкинай Алимбаева 25 майда МХДҚ томонидан қўлга олинган. Унинг ўғли Азат Равшан онасини куч билан олиб кетишганини, 13 ёшли синглиси ёлғиз қолганини маълум қилган. Равшан Жээнбеков прездиентга мурожаат қилиб, оиласини таъқиб қилишни тўхтатишни талаб қилган.

Алимбаеванинг адвокати у тушга яқин махсус хизматга кириб, саккиз соат сўроқ қилинганини, адвокат билан учрашишга рухсат берилмаганини билдирган.

У саккиз соат сўроқдан кейин МХДҚнинг ТИЗОсига киритилган. 26 майда Бишкекнинг Биринчи май туман суди Алимбаевани икки ойга қамоққа олишга қарор қилган. Унга «коррупция» бўйича айб қўйилмоқда. Бироқ Алимбаева суд залидан чиқаётиб «айби йўқ» эканини айтган.

Равшан Жээнбеков Кампиробод иши бўйича қўлга олиниб, Бишкекдаги №1 тергов қамоғида ўтиради. Унга «Оммавий тартибсизлик уюштириш» моддаси билан айб қўйилган. Шунингдек, «Кой-Таш воқеалари»га боғлиқ иш ҳам қўзғалган.

Муаллифи: Бурулсун Жумалиева