16 майда «Кабар» давлат агентлиги президент Садир Жапаровнинг давлатнинг ташқи қарзи бўйича берган интервьюсини жойлади. Унда у «қарзни тўлашга қурбимиз етади» деб, «бироқ уни муддатидан олдин тўлаш бизга бефойда» деб билдирди.
«Ҳозирги кунда ташқи қарзни тўлашга бизнинг қурбимиз етади. Аммо олинган ташқи қарзнинг деярлик барчаси 20 йилдан 40 йилгача имтиёзли, устама фоизи 0,75%дан 2%гача бўлган кредитлар ҳисобланади. Қарзни олаётганда муддатидан олдин тўлайдиган бўлсак, олган сумманинг устига яна қўшимча фоиз тўлаш мажбуриятлари қўйилган. Шу сабаб қарзни муддатидан олдин ёпиш бизга фойдасиз», — деди у.
Президентнинг айтишича, шу йилнинг 31 мартига кўра, давлатнинг ташқи қарзи 4,5 млрд долларни ташкил қилган. У «уларнинг ҳаммасини муддатидан кечиктирмай тўлаяпмиз» деб ишонтирди.
Жапаров билдиришича, 2022 йили 33,6 млрд сом қарз тўланган. Бу йил 48,6 млрд, 2024 йилга 64,7 млрд, 2025 йили 75,1 млрд сом тўлаш режалаштирилган.
«Давлатимиз мустақил бўлган йиллар орлиғида олинган қарзларнинг энг кўп қисмини биз тўлаяпмиз. Агар бу пулларнинг барини қарзга тўлаш ўрнига ижтимоий ва бошқа ишларга сарфлаганимизда бугунги қилинаётган ишлардан юз марта яхши ишлар қилардик», — деди давлат раҳбари.
Садир Жапаров ҳозирда олинаётган насияларнинг кўпи олдин имзоланган шартномалар асосида бугунги кунгача келмоқда деб билдирди. у «насияларни иқтисодни ривожлантиришга йўналтирилган приоритетли лойиҳаларга сарфлаяпмиз» деб ишонтирди.
Шунингдек, у «олинаётган насиялар ва грантлардан мақсадли сарфланишини бир тийинигача назорат қиляпман» деди.
«Олдин олинган кредитларга завод-фабрикалар, катта даромад олиб келадиган корхоналар қурилганда, ҳозир унинг даромадини олиб, самарасини кўрардик. Аммо, миллиардлаб олинган кредитларнинг кўпи номаълум, қарзнинг устига қарз бўлиб тўпланган. Ҳозир иқтисодиётимиз кучайиб бормоқда, давлатнинг ички улгуржи маҳсулотининг ҳажми бу йил 1 триллионга етса, 2027 йили 2 триллиондан ортади, деб тахмин қиляпмиз», — деди Жапаров.