Ўшда жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олиниб, ноқонуний сақланаётган қуроллар олинди

148

Ўш шаҳрида 16 майга ўтар кечаси жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олиниб, ноқонуний сақланаётган қуроллар олинди. Бу ҳақда Ўш шаҳар ИИБнинг матбуот хизмати билдирди.

Маълумотга кўра, Ўш шаҳрига ғарбдан кираверишдаги айланма йўлда ноқонуний қурол олиб юрганликда гумон қилинган гуруҳ қўлга олинган. Улар кетаётган «Мерседес-Бенз» русумли автомашинадан магазинида 4 дона ўқ билан АКСУ-74У ва 3 ўқи бор тўппонча олинган.

Сурат: Ўш шаҳар ИИБ
Сурат: Ўш шаҳар ИИБ

Қўлга олиш чоғида гумонланувчилар милиционерларга қаршилик кўрсатиб, қочишга уринган. Милиция 27, 29 ва 30 ёшдаги гумондорларни қўлга олиб, вақтинчалик сақлаш жойига киргизди. Уларнинг барчаси аввал ҳам бир неча марта судлангани маълум бўлди.

13 майда ҳам Ўшда жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олиниб, улардан кўп миқдорда қуроллар олиб қўйилди. Улар Ўш шаҳрида 3 миллион 600 минг сом тўнаган ва Қорасув туманида қуролли талончиликда айбланишган.

Ҳибсга олинганлар орасида Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Гумон қилинувчиларнинг яшаш жойини тинтув қилиш чоғида кўплаб ўқотар қуроллар, жумладан, автоматлар, снайпер милтиқлари, пулемётлар, тўппончалар, ўқ-дорилар ва гранаталар топилиб, тегишли экспертизалар тайинланган.