Депутатлар вафот этган прокурорнинг оиласига 21 млн сом тўлашни маъқуллашди

115

Ўтган йили хизмат вақтида вафот этган Жалолобод вилоятининг Чотқол туманининг прокурори Бакирдин Жанузаковнинг оиласига 21 млн 699 минг сом товон пули тўланади. Бу ҳақда парламентнинг 15 майдаги қўмиталар йиғинида маълум бўлди.

Йиғинда бош прокурорнинг ўринбосари Умуткан Конкубаева прокуратура ҳақида конституциявий қонуннинг 84-моддаси 5-бандига мувофиқ, иш вақтида қурбон бўлган прокуратура ходимларининг яқинларига товон тўланишини билдирди.

«Бу ерда “охирги лавозими бўйича ўртача йиллик иш ҳақининг ҳисобидан 20 йиллик иш ҳақи миқдорида бир марталик ёрдам пули тўланади” деган қарор қабул қилинган. Бу 21 миллион 699 минг сомни ташкил қилади», — деб билдирди Конкубаева.

Жогорку Кенешнинг депутати Камила Талиева товон пулининг миқдоридан ажабланди. Унинг айтишича, давлат мактабнинг қурилишига 5 миллион сом пул тополмайди, аммо «қонун бу — қонун».

Шунингдек, халқ вакили Надира Нарматова ҳам бу компенсацияни тўланишига норозилик билдириб, прокурорлар билан суд идоралари «қонунларни ўзларига ортиқча мослаб олган» деб билдирди.

«Ҳозирги суммани кўриб ақлдан озасан, ҳақиқатдан ҳам прокурор бўлиб ўлгинг келади. Энди “нима бўлса ҳам эсон-омон юрсин” деб прокурорларга умр тилаймиз, ўхшайди. Аммо бу ерда нотўғри томонлари кўп. Булар пенсияга чиқса ҳам миллион сомни оларкан. Унгача бўлган [ҳақи] алоҳида [сўз]. [...] Айтсанг балога қоласан, кейин “еб ютар” деган номга депутатлар келади. [...] Муддатидан олдин пенсияга чиққан ходимлар 800 минг сомга яқин пул олишади», — деди Нарматова.

Бундан ташқари, Нарматова прокурорлар пенсияга чиққанда бир йиллик маошни бир мартада тўланишидан норози бўлди. Депутатнинг айтишича, бу «оз миқдорда пенсия олган ўқитувчиларга нисбатан ҳақсизлик бўлиб ҳисоблангани учун қонунга ўзгартириш киритиш керак».

«Тез орада қонунга ўзгартириш киритиш керак. Бундай нарса бўлмайди. [...] Тенгсизлик деган нарсани йўқ қилиш керак. Масалан, бошини чиритиб болаларни тарбиялаган ўқитувчиларга арзимаган 2000-3000га пенсияга чиқади, прокурор-судлар пенсияга чиққани учун миллионлаган пулни [олгани] тўғри эмас. Бу умуман тенгсизлик», — деб билдирди депутат.

Натижада депутатлар ҳалок бўлган прокурорнинг оиласига бир марталик тўловни тасдиқлашга розилик беришди.

Бош прокуратуранинг матбуот хизматидан шу йил 16 майдаги маълумотига кўра, иш вақтида ҳалок бўлган прокуратура ходимларига бир марталик товон пули охирги 20 йил ичида бир марта тўлаб берилган.

Жалолобод вилоятининг Чотқол тумани собиқ прокурори, марҳум Бакирдин Жанузаков

Чотқол туманининг прокурори Бакирдин Жанузаков 2022 йили 7 июлда йўл ҳалокатидан вафот этган. Вилоят милицияси ҳодиса машина ҳайдовчиси ухлаб қолиши натижасида содир бўлганини билдирган.

54 ёшдаги юстиция подполковниги прокуратура органларида 2004 йилдан бошлаб ишлай бошлаган. Бу хизматга 2020 йилнинг майида тайинланган. Ундан олдин Талас ва Норин вилоятларида прокурор бўлиб ишлаган.