Энди молиявий пирамидаларни реклама қилганларга жарима солинади

116
Иллюстратив сурат. Манба: Жоомарт Ураимов / Sputnik Қирғизистон

15 майда Президент Садир Жапаров «Молиявий пирамидаларни ташкил этиш» моддасига ўзгартириш киритишга қўл қуйди.

Унга кўра, йирик миқдордаги зарар келтириш билан молия пирамидасини очиқ-ойдин, оммавий ахборот воситаларидан ва интернет ресурсларидан фойдаланиб реклама қилганларга 150 минг сомдан 200 минг сомгача жарима солинади.

Мазкур қонунга ўзгартиришларни Жогорку Кенешнинг депутатлари Шаирбек Ташиев ва Айбек Маткеримов ёзиб, у жорий йилнинг 5 апрелида парламент томонидан қабул қилинган эди.

ИИВнинг расмий маълумотига кўра, 2023 йили республикада 3 ой ичида молия пирамидасини ташкил этиш бўйича 54 жиноий иш қўзғалган.

Айни пайтда ўтган йилдаги жиноят ишлари билан бир қаторда жами 207 та жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилиб, шундан 67 таси суд муҳокамасига юборилган. Бугунги кунда жабрланувчиларнинг сони 206 кишини ташкил этади.

Бугунги кунда молиявий пирамидаларидан жабрланганларнинг умумий зарар қиймати 273 миллион сомдан ошса, моддий зарарнинг 481 минг сомдан ортиғи эса эгаларига ундириб берилган.