Президент: Давлат учун ишловчи одам бўлса, бошқа сайёрадан келса ҳам лавозим бераман

179

Президент Садир Жапаров Қирғизистонда кадр танқислиги борлигини, керак бўлса бошқа сайёрадан келган одам бўлса ҳам лавозим беришини айтди. Бу ҳақда у Ленин бир мандатли сайлов округи бўйича депутатликка номзодлар билан бўлган учрашувда билдирди.

Йиғинда Жапаров аввалги президентлардан фарқ қилиб, қамоқдагиларга 28 майда бўладиган муддатидан олдин сайловга қатнашишга рухсат берганини таъкидлади.

Кампиробод воқеаси бўйича қўлга олинган Равшан Жээнбеков билан Илгиз Шаменов бу сайловга қатнашади. Ҳозир иккиси ҳам СИЗО-1да.

Президент ўзи қамоқда ўтирганда МСКнинг етакчиси Нуржан Шайлдабекова уни сайловга қатнаштирмаганини эслади.

«Турмадан чиқиб президент бўлдим. Яна олиб келиб ўтқизиб қўйдим [Шайлдабековани], ишини яхши бажаради. Мен нима учун унга душман бўлишим керак? Мен ҳам юрагимда сақлаб, душман бўлсам бўларди. Аммо бундай қилмадим. Давлатнинг ривожига керакли кадр бўлса, бошқа сайёрадан келган бўлса ҳам, душман бўлса ҳам лавозим бераман», — деди давлат раҳбари

Жапаров ўлкада кадр танқислиги борлигини айтиб, айрим вақтларда вазирликка одам тополмай қолишини қўшимча қилди.