Талас, Қоракўл, Тўқмоқ, Новқат ҳамда Қорасув шаҳарларига янги мэр тайинланди

160

Ўлкадаги бешта шаҳарга янги мэр тайинланди. Талас шаҳрига Эрмат Жумаев, Қоракўлга Чингиз Бапаев, Тўқмоққа Максат Нусувалиев, Новқатга Таалайбек Тезекбаев ва Қорасувга Арстанбек Жолдошов мэр бўлди.

Талас шаҳрининг собиқ мэри Аскар Шабданов бошқа ишга ўтгани сабаб лавозимни топшириб, ўрнига Эрмат Жумаев келди. У олдин Қоракўл шаҳрининг бошчиси бўлган.

Давлат раҳбарининг буйруғи билан Қоракўл шаҳрига Чингиз Бапаев мэр бўлди. У 2021 йилнинг июль ойидан бошлаб шаҳарнинг вице-мэрлик хизматида ишлаган.

Тўқмоқнинг коррупцияда айбланган собиқ мэри Урмат Самаев ўзи ёзган ариза асосида ишдан бўшатилди. Унинг ўрнига президентнинг буйруғи билан Максат Нусувалиев шаҳар бошчиси бўлди. Нусувалиев бунгача Бишкек мэриясига қарашли транспорт бошқармасини бошқарган.

Урмат Самаев коррупцияда айбланиб ўтган ойда қўлга олинган. Кейин айбини тан олиб, 25 миллион сом компенсация тўлаб, қамоқдан уй қамоғига чиқарилгани маълум қилинган.

Қорасув туманининг ҳокими Жакипбек Субагожоевнинг буйруғи билан шаҳар мэри бўлиб Арстанбек Жолдошов тайинланди. У олдин Ўш вилоят ёшлар ишлари, жисмоний тарбия ва спорт бошқармасининг бошчиси бўлган.

Новқат шаҳрига янги мэр бўлиб Таалайбек Тезекбаев келди. Аввалги раҳбар Улан Турганбаев ўз аризаси билан кетган.

Президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев «Клооп»га кадр ўзгаришларни «Садир Жапаровнинг кадр ротацияси бўйича сиёсатининг давоми» деб тушунтирди.