Новқат: Автоҳалокатдан 2 киши вафот этиб, яна бири касалхонага етказилди

Иллюстратив сурат

Ўш вилоятининг Новқат туманида йўл ҳалокатидан 20 ва 18 ёшлардаги икки талаба қиз вафот этди. Бу ҳақда 12 майда «Клооп»га вилоят йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бош бошқармаси билдирди.

Маълумотга кўра, воқеа 8 майда Ўш — Раззаков автойўлининг 16-чақиримида юз берган.

Унда Новқат туманининг 43 ёшли яшовчиси Honda CR-V русумидаги машинасини бошқариб кетаётиб, қарши томонга чиққанда Қадамжой туманининг 20 ёшдаги турғунининг бошқарувидаги «ВАЗ-2107» русумидаги машина билан тўқнашган.

Натижада «ВАЗ-2107» русумидаги машина ҳайдовичиси ва 18 ёшдаги йўловчи воқеа жойда ҳалок бўлган. Машинадаги йўловчи — Қадамжой туманининг 18 ёшдаги турғуни тан жароҳат олиб, Ўш шаҳар касалхонасига етказилган.

Ҳозирда воқеа бўйича текширув ишлари бормоқда.

Бунгача 20 апрелда, Сўқулуқ туманининг Отбоши қишлоқ ҳукуматидаги мактаб-лицейнинг ўқувчиларини ташувчи автобус йўл ҳалокатига учраган.

Мактаб автобуси GoBus кичик автобус билан тўқнашгани айтилган. Касалхонага мурожаат қилган умумий 27 боланинг аҳволи барқарор экани айтилиб, комада ётган бир ўқувчи 6 майда ўзига келган.

Бу бўйича «Автомототранспорт воситалари ҳаракати ва уларни эксплуатация қилишнинг хавфсизлик қоидаларини бузиш» моддаси билан иш қўзғалган.