Путин Жапаровнинг Қирғизистонга ташриф буюриш таклифини қабул қилди. Уни қамоққа олиш бўйича Халқаро суднинг ордери бор

154

Президент Садир Жапаров Россия президенти Владимир Путинни 2023 йили Қирғизистонга расмий сафар билан келишга таклиф қилди. Бу ҳақда президентлар 8 майда қабул қилган биргаликдаги билдирувда айтилган.

Билдирувда Путин «таклифни мамнуният билан қабул қилгани» ёзилган.

Президент Жапаров 7 майда катта делегация иштирокида Россияга учиб кетган. У Марказий Осиё давлатларининг лидерлари билан бирга 9 майда Москвада бўладиган парадга қатнашади.

Украинадаги уруш ва Путинни қамоққа олиш ордери

Марказий Осиё давлатлари президентларининг иш сафари 2022 йилнинг февралида Россиянинг Украинага ҳужуми билан бошланган уруш бораётган вақтда бўлмоқда.

Бунгача Гаагадаги халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путинни ва Россиянинг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Мария Львова-Беловани қамоққа олиш бўйича ордер чиқарган.

Унга Украинанинг босиб олинган ҳудудларидаги ёш болаларни Россияга ноқонуний, мажбуран олиб чиқилгани асос бўлган.

«Энди дунё лидерлари унинг [Путиннинг] қўлини сиқиб ёки у билан музокарага ўтиришдан олдин уч марта ўйланишади. Дунё рус режими жиноятчи, унинг раҳбарлари ва ҳамкорлари жавобгарликка тортилади деган белги олди», — деган Украина бош прокурори Андрей Костин ордер чиққандан кейин.

Май ойининг бошида ОАВлари жанубий Африка Республикасининг ҳукумати Путинни август ойида жанубий Африкада бўладиган БРИКС саммитига қатнашичшдан бош тортишга чақирганини ёзган. Халқаро жиноят судининг  юрисдикциясини тан олган жанубий Африка Путин давлатга борса уни қамоққа олишга мажбур бўлишини маълум қилган.

Қирғизистон халқаро жиноят судининг Рим статутига 1998 йилнинг 8 декабрида қўл қўйган, аммо ратификациядан ўтказмаган. Бу Путин Қирғизистонга келса, у қамоққа олинмайдиган дегани.

Юристлар билан ҳуқуқ ҳимоячилари Рим статутини ратификациялаш кераклигини 2022 йилгача айтишган. Уларнинг айтишича, ҳужжат Қирғизистонда ташқи хавфлардан ва бошқа жиноятлардан ҳимояланишнинг янги механизмларини ишга тушириш учун зарур.