Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти: COVID-19 бўйича фавқулотда ҳолат тугади

147

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) бошчиси Тедрос Аданом Гебреисус COVID-19 пандемияси бўйича фавқулотда ҳолат тугаганини билдирди. Бу ҳақда у 5 майдаги матбуот анжуманида айтди.

У коронавирусга чалинганларнинг сони камайганини таъкидлаб, аммо бу COVID-19 соғликка катта хавф солмайди деганни англатмайди деб қўшимча қилди.

«Ўтган ҳафтада ҳар бир уч дақиқада бир киши коронавирусдан вафот этди ва бу биз билган ўлимлар. Бугун бу ерда сўзлаётганимизда дунёда минглаган одам жонлантириш бўлимида ҳаёт учун курашмоқда. Миллионлаган одам COVID-19дан кейинги ҳолсиз аҳвол оқибатлари билан курашмоқда», — деди у.

Шунингдек, Гебреисус вирус одам ўлимига сабаб бўлишини таъкидлаб, касаллик ва ўлим ҳолатини ортишига олиб келган коронавируснинг янги турларини пайдо бўлиш хавфи борлигини билдирди.

COVID-19 дунёга тарқалганда ЖССТ 2020 йилнинг март ойида пандемия эълон қилган. Маълумотга кўра, вирусдан охирги уч йилда дунёда 20 миллионга яқин киши вафот этди.

Коронавирус Қирғизистонда 2020 йилнинг март ойида аниқланиб, расмий ҳисоб бўйича 406 мингдан ортиқ одамга юққан. Уч мингга яқин одам вафот этган. Ўлкада COVID-19 бўйича фавқулотда ҳолат режими 2020 йилнинг 22 мартида киритилиб, ўтган йили 1 ноябрда бекор қилинган.