Чуйда блогер 40 минг доллар ундирганликда гумонланиб ҳибсга олинди

151
Шубҳали. Сурат: Чуй вилоят ИИБи

Чуй вилоятининг Аламудун туманида 76 ёшли эркакдан 40 минг доллар талаб қилган блогер қўлга олинди. Бу ҳақда 3 май куни «Клооп»га вилоят ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Маълумотга кўра, жорий йилнинг 18 апрел куни фуқаро «салбий мазмундаги видеони чоп этаман» деб қўрқитиб, пул олган блогер устидан туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган.

У жами 40 000 АҚШ доллари талаб қилиб, 37 300 доллар олганлигини ва яна кўпроқ пул талаб қилишда давом этганини айтган.

Мазкур факт Аламудун тумани ИИБ Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг ягона реестрига қайд этилиб, «Товламачилик» моддаси билан жиноят иш қўзғалган.

Тезкор тергов тадбирлари натижасида жиноят содир этишда гумонланувчи сифатида Бишкек шаҳрида яшовчи 33 ёшли шахс қўлга олиниб, вақтинчалик сақлаш жойга киргизилди. Тергов жараёнида гумонланувчи Б.У. ижтимоий тармоқларда коррупцияга қарши кураш, транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказишга оид материалларни фаол эълон қилиши маълум бўлган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

«Акипресс» нашрининг маълумотига кўра, гумонланувчи — блогер Улан Бекмуратов. Бунга қадар, йўл-патрул хизмати ходимлари, блогер ноқонуний тонировкадан фойдалангани учун жарима солаётганда машинасини ёқиб юборишга уринган эди.