Туркия президенти Режеп Тайип Эрдоган зилзиладан кейин фожеа оқибатларини бартараф қилиш ишларига қатнашган қирғизистонлик қутқарувчи Темирлан Жумамудуновга ва Туркиядаги элчи Руслан Казакпаевга давлат мукофотларини топширди. Бу ҳақда 26 апрелда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билдирди.
Маълумотга кўра, Жумамудунов «Одамларни қутқаришдаги жасорати ва фидокорлиги учун» юқори даражадаги медалга эга бўлса, Казакпаев фаҳрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Мукофотларни топшириш маросими 25 апрелда Туркиянинг Анқара шаҳридаги президент саройида ўтди. Унга Қирғизистондан вазир Бообеек Ажикеев ва унинг биринчи ўринбосари Азамат Мамбетов қатнашди.
6 февралда Туркия ва Сурияда икки марта кучли зилзила бўлиб, 50 мингдан ортиқ одам қазо қилиб, юз минглаган киши жабрланган. Фожеа натижасида минглаган бинолар вайрон бўлган.
Қутқарув ишларига кўмаклашиш учун Қирғизистондан 182 қутқарувчи борган. Улар саккиз кишини вайроналар остидан тирик олиб чиқиб, 198 одамнинг жасадини чиқаришган.
Қирғиз ҳукумати Туркияга ёрдам тарзида 127 бўз уй, 2 кийгиз контейнер ва етти стандарт палата юборган. Кейинчалик қирғиз бўз уйларида ўқувчиларга дарс берилаётгани хабар қилинган.
Шунингдек, ҳукумат зилзиладан жабрланганларга ёрдам бериш учун ягона депозит ҳисоб очиб, унга 103 млн сомдан ортиқ маблағ тушгани айтилган.
Зилзилада Туркиянинг Адана шаҳрида яшаган бир қирғиз фуқароси жабрлангани ва яна бир фуқаро вайроналар остида қолиб вафот этгани маълум бўлган.