Қирғизистоннинг футбол бўйича терма жамоасининг бош мураббийи бўлиб словакиялик Штефан Таркович тайинланди. Таркович 50 ёшда. Бу ҳақда Қирғизистон футбол иттифоқи билдирди.
«КФС техник директори А.Ормомбеков номзодларни излаш бўйича бажарилган ишлар ҳақида маълумот берди. 30 номзод кўриб чиқилиб, уларнинг орасидан терма жамоанинг бош мураббийи лавозимига энг муносиб 5 номзод танланди. Натижада КФС ижройи қўмитасининг қарори билан Словакиядан келган мутахассис Штефан Таркович Қирғизистоннинг футбол бўйича терма жамоасининг бош мураббийи этиб тайинланди», — деб билдиришди футбол иттифоқидан.
Футбол иттифоқининг маълумотига кўра, янги мураббийнинг УЕФА Pro мураббийлик лицензияси ва «Қирғизистон миллий терма жамоасини бошқариш учун етарли тажрибаси бор».
Шунингдек, футбол иттифоқи Тарковичнинг эришган муваффақиятларини ҳам рўйхатини тузди:
- Bangkok Cup Кубогидаги ғалаба/2018 йилнинг март ойи;
- ЕВРО 2016/2016 йилнинг июль ойидаги плей-оффга чиқиш;
- Словакия терма жамоасининг ФИФА рейтингидаги энг юқори ўрни (14-ўрин) / 2015 йилнинг августи.
Таркович Словакиянинг бош мураббийи сифатида жамоани Евро-2020га олиб чиққан. 2022 йили Таркович миллий жамоа ўз майдонида Миллий лигада Қозоғистон жамоасига мағлуб бўлгани сабаб (0:1) истеъфога чиққан.
Қирғизистоннинг аввалги мураббийи Александр Крестинин бош мураббийлик хизматидан апрелнинг бошида кетган. Бу лавозимда Крестинин 9 йил ишлади.
Унинг раҳбарлиги остида энг муваффақиятли йил — 2019 йил бўлган. Унда жамоа Осиё кубогининг 1/8 финалигача етган.
2022 йили қирғиз жамоаси Крестинин раҳбарлигида тарихда иккинчи марта Осиё кубогига йўлланма олган. Турнир 2024 йилнинг январида бўлади.
Крестинин ишдан «футбол иттифоқи билан ўзаро қарор асосида» кетгани айтилган. Александр Крестинин ўзи ишдан нима сабабдан кетганини айтмаган.