МХДҚ: Ўшда чегарани ноқонуний кесиб ўтган халқаро террорчи ташкилотга алоқадор фуқаролар қўлга олинди

107

 

Гумонланувчилар. Сурат: МХДҚ

Ўш шаҳрида Ўзбекистоннинг икки фуқароси «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террорчилик ташкилотининг Истанбулдаги ячейкасига алоқадорликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда 19 апрелда МХДҚдан билдиришди.

Маълумотга кўра, Ўзбекистон ҳудудида қидирувда бўлган фуқаролар хавфли давлатларга чиқиб кетиш учун қалбаки ҳужжатларни олиш мақсадида давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишган.

Мазкур факт бўйича МХДҚнинг тергов бўлимининг умумий реестрига «Қирғизистон Республикасининг давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш» моддаси асосида рўйхатга олиниб, гумондорлардан бири Ўш шаҳар ИИБнинг вақтинчалик сақлаш жойига киргизилди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, 2022 йил 23 августда Ўш вилоятининг Ўзган шаҳрида Суриядаги жанговар ҳаракатларда иштирок этаётган террорчилик ташкилотининг икки нафар фаол аъзоси қўлга олинган.

Гумонланувчилар Суриядаги қуролли тўқнашувда иштирок этаётган террор ташкилоти билан яқин алоқада бўлиб, берилган топшириқларни бажариб келишган.

Муаллиф: Бекмирза Урустамов