Бишкек шаҳар ИИББнинг бошчиси Азамат Ногойбаевга лавозимига тўлиқ мос келмагани учун огоҳлантириш берилди.

91

31 мартда жонли эфирда айтган сўзлари лавозимига тўлиқ мос келмагани учун Бишкек шаҳар ИИББ бошчиси Азамат Ногойбаевга интизомий огоҳлантириш берилди. У эфирда вояга етмаган қизларнинг вояга етган эркаклар билан «ихтиёрий равишда» жинсий алоқа қилаётганини ва шу сабабли «бахтсиз ҳодисалар» қайд этилаётганини билдирган.

Ногойбаевнинг айтганлари бўйича ИИВ хизмат текшируви бошланган. Муассасадан, унинг сўзларида ҳуқуқ тартибот идораларининг тартиб уставининг талаблари, «Ҳуқуқ тартибот идораларида хизмат ўташ» ҳақидаги қонуни, шунингдек, ИИБ вакилларининг хизмат этникаси тўғрисидаги кодекс бўйича бир қатор бузилишлар аниқланганини билдиришди.

«Азамат Ногойбаевнинг эфирда вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятлар бўйича нотўғри баёнотлари жамоатчиликда резонанс яратиб, ички ишлар органларига нисбатан салбий фикрлар билдирилишига сабаб бўлган. Хизмат текшируви хулосасига кўра, Бишкек  шаҳар ИИББ бошлиғи Азамат Ногойбаевга,  ўз хизмат вазифасига тўлиқ лойиқ келмаслиги тўғрисида огоҳлантириш тарзидаги интизомий жазо берилди», — деб билдиришди ИИВдан.

Шов-шувга сабаб бўлган баёнот ва митинг

Бишкек шаҳар ИИББ бошлиғи Азамат Ногойбаев 31 мартда, вояга етмаган қизлар вояга етган эркаклар билан «ихтиёрий равишда» жинсий алоқада бўлиши оқибатида «бахтсиз ҳодисалар» қайд этилаётганини билдирган.

У бундай фикрни зўрланганидан беш ой ўтиб ўз жонига қасд қилган 13 ёшли қизнинг воқеаси бўйича саволларга жавоб бераётиб айтган.

3 апрелда шаҳар милицияси олдида Бишкек шаҳар ИИББ раҳбари Азамат Ногойбаевнинг истеъфосини талаб қилган митинг бўлиб ўтган. Митингга йиғилганлар «Вояга етмаган қиз билан жинсий алоқа қилиш — зўрлаш дейилади», «Ногойбаев истеъфога чиқсин», «Шаҳарга виждонли милиционер керак» каби плакатларни кўтариб чиқишган.

Ногойбаевнинг ўзи намойишчилар олдига чиқмаган. Бироқ Ногоайбаев журналистларга «нима айтганини билишини ва бунинг учун жавобгар эканини» билдирган. Лекин Ногойбаев журналистлар унинг сўзларини нотўғри талқин қилишган, деб айтган.

Унинг сўзларига кўра, у «вояга етмаганларни айбламоқчи эмас», шунчаки «вояга етмаганлар уйдан чиқиб кетганида қидирувга берилгани, зўравонликка учрагани, жинсий алоқада бўлаётган фактлар бор эканини етказмоқчи бўлган».